ЎРТА ТАЪЛИМ

ЎРТА ТАЪЛИМ — умумий таълим босқичларидан бири; шахснинг жамият ижтимоий ҳаётида онгли ва фаол иштирок этишига имкон берувчи билим, малака ва кўникмалари даражаси. ЎзРда Ўрта таълим ўқувчиларнинг фанлар асослари бўйича мунтазам билим олишларини, уларда билим ўзлаштириш эҳтиёжини, асосий ўқувилмий ва умуммаданий билимларни, миллий ва умумбашарий қадриятларга асосланган маънавийахлоқий фазилатларни, меҳнат кўникмаларини, ижодий фикрлаш ва атроф муҳитга онгли муносабатда бўлишни ва касб танлашни шакллантириш даври ҳисобланади. У 5—9синфларни ўз ичига олади. ЎзРнинг 1997 йил 29 авг. да қабул қилинган «Таълим тўғрисида»ги қонунида таъкидланишича, Ўрта таълим билимларнинг зарур ҳажмини беради, мустақил фикрлаш, ташкилотчилик қобилияти ва амалий тажриба кўникмаларини ривожлантиради, дастлабки тарзда касбга йўналтиришга ва таълимнинг навбатдаги босқичини танлашга ёрдам беради. Ўрта таълим синфлари учун ўқув режаси ва дастурлари мавжуд. Ўрта таълим ўқув режаси асосида ўзбек тили, она тили ва адабиётнинг тизимли курси, чет тиллари, Ватан ва жаҳон тарихи, алгебра, геом., тригонометрия, физика, астрономия, кимё, биол., чизмачилик, табиат ва геогр., жисмоний тарбия, информатика, мусиқа маданияти, тасвирий санъат, давлат ва ҳуқуқ асослари, инсон ва жамият, иқтисодий билим асослари, Ватан туйғуси, миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари, меҳнат, ҳарбий хизматга чақириққача ёшларни тайёрлаш ва бошқалар фанлар бўйича машғулотлар ўтказилади. Ўрта таълимда мактаб дастурида белгиланган билим, малака ва кўникмаларни ўрганиш ҳамда ҳосил қилишга эришиш учун таълимнинг турли усуллари, шакллари ҳамда воситаларидан фойдаланиш асосида иш олиб бориш талаб қилинади (яна қ. Умумий ўрта таълим мактаби). Ў. т. тугалланганидан кейин таълим фанлари ва улар бўиича олинган баҳолар кўрсатилган ҳолда давлат томонидан тасдикланган намунадаги аттестат берилади.