ЎРТА РОССИЯ ҚИРЛАРИ

ЎРТА РОССИЯ ҚИРЛАРИ — РФ Европа қисмининг марказидаги қирлар. Шим. да Ока водийсидан жан. да Донецк кряжигача чўзилган. Қирлар Каспий, Қора ва Азов денгизлари сувайирғичи ҳисобланади. Уз. 1000 км, энининг кенг жойи 500 км, бал. 220—250 м (энг баланд жойи 293 м); жан. шарқий қисми Калач қирлари деб аталади. Ўрта Россия Қирларининг ўрта қисмида токембрий кристалл замини ер юзасига яқин ва Дон дарёси водийсида, Павловск ва Богучар шаҳрилари орасида ер юзасига чиқиб ётади. Ер юзасида ҳамма жойда лёссимон қумоқлар ва лёсслар учрайди. Қирлар Россия платформасининг антеклизидир. Бу ҳудудда токембрий даври ётқиқизларидан ташкил топган платформа пойдевори ер юзасига яқинлашади. Фойдали қазилмалари: Курск магнит аномалияси темир рудаси (Михайловск кони), қўнғир кўмир ва бошқалар Қирдан йирик дарёлар бошланади. Тупроғи қоратупроқ (шим. да сур тусли ўрмон тупроғи). Ҳудудида Марказий қоратупроқ ва Галичья гора қўриқхоналари жойлашган. Кўп қисми ҳайдалган.