ЎРТА ОСИЁДА МИЛЛИЙҲУДУДИЙ ЧЕГАРАЛАНИШ

ЎРТА ОСИЁДА МИЛЛИЙҲУДУДИЙ ЧЕГАРАЛАНИШ — мустабид совет режими томонидан Туркйстон халқларининг «миллий давлатларини ташкил қилиш» ниқоби остида уларни ажратиб ташлаш мақсадида амалга оширилган сиёсий тадбир (1924—25). Туркистон минтақаси азалдан туркий халқларнинг ягона маскани ва умумий ватани бўлган. 1918—24 йилларда мавжуд бўлган Туркистон АССР, БХСР, ХХСРнинг туб халқлари асрлар давомида турмуш тарзи ва анъаналари жиҳатидан бир-бирларига жуда яқин бўлишган. Туркистондаги турли давлатларнинг ҳар бирида туркий халклар: ўзбеклар, туркманлар, қорақалпоқлар, қозоқлар, қирғизлар, шунингдек, тожик халқи азалдан яшаганлиги тарихан таркиб топган ҳодиса эди. Туркистон минтақасининг халқлари шу тупроқни, Туронзаминни қадимдан ўзларининг асл Ватани деб билганлар.

Мустабид совет режими ва большевиклар учун эса Туркистон ўлкасини бўлиб ташлаб, уни идора қилиш қулай эди. Хусусан, бу жараён Туркистонда совет режимига қарши қуролли ҳаракат 1924 йилда, асосан, мағлубиятга учраганидан кейин ўзининг сўнгги босқичига қадам қўйди. 1924 йил фев. июнь ойларида СССРдаги марказий органлар, Туркистон, Бухоро, Хоразм коммунистик партиялари ва (РКПб) МК Ўрта Осиё бюроси миллий чегараланиш масалалари юзасидан зўр бериб иш олиб боришди. Туркистон ва Бухоро Компартиялари МКлари ҳузурида махсус, кейинчалик ҳудудий ва бошқалар махсус комиссиялар тузидди.

1924 йил 12июнда (РКПб)МК Сиёсий бюроси Ў. О. м. ҳ. ч. тўғрисида махсус қарор қабул қилгач, 15 июлда (РКПб) МК Ўрта Осиё бюроси янги ташкил этиладиган миллий республикалар ва областларнинг муваққат бюросини ташкил этди. Ҳудудий комиссия таркибига Ф. Хўжаев, А. Раҳимбоев, С. Хўжанов, Қ. Отабоев, Р. Исломов, Н. Айтоқов, йилАбдураҳмонов, И. Айдарбеков, И. Варейкис, Д. Манжара, И. Межлаук, Х. СахатМуратов ва бошқалар сиёсий арбоблар кирган эди.

1924 йил 16 сентябрда Туркистон АССР нинг навбатдан ташқари сессияси, 20 сентябрда Бутун Бухоро халқ вакилларининг 5қурултойи, 2 октябрда Бутун Хоразм халқ вакилларининг 5қурултойи бу масалани кўриб чиқиб, Ўрта Осиёнинг миллийҳудудий чегараланиши тўғрисида қарор қабул қилдилар. Мазкур қарорларда ўзбек ва туркман халқларига Ўзбекистон ССР ва Туркманистон ССР тузиш ҳуқуқи, Туркистон АССР нинг қирғиз (аслида қозоқ) вилоятларини 1920 йилда ташкил қилинган Қирғизистон АССР (аслида Қозоғистон АССР) билан бирлаштириш мақсадида қирғиз (аслида қозоқ) халқига Туркистон АССРдан чиқиш ҳуқуқи, қора қирғиз (аслида қирғиз) халқига Туркистон АССРдан чиқиш ҳуқуқи ва Қора Қирғиз (аслида Қирғиз) автоном областини ташкил этиш ҳуқуқи, тожик халқига ҳам Туркистон АССРдан чиқиб, Тожикистон автоном областини ташкил этиш ҳуқуқи берилиши кераклиги таъкидланди.

РСФСР (Бутун Россия) Марказий Ижроия Комитетининг 2сессияси (1924 йил 14 октябр) Ўрта Осиёдаги Туркистон АССР, Бухоро ва Хоразм республикалари ўрнида Ўзбекистон ССР (ЎзССР) ва Туркманистон ССР, шунингдек, Тожикистон АССР (Ўз ССРтаркибида), Қорақалпоқ ва ҚораҚирғиз (Қирғиз) автоном областлари ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилди.

1924 йил 18 нояб. да Туркистон АССР, Бухоро ССР ва Хоразм ССР МИКлари махсус қўшма қарор қабул қилдилар ва шу қарорга биноан ўз ваколатларини Ўзбекистон ССР советларининг таъсис қурултойига қадар иш кўрувчи Ф. Хўжаев раислигида 31 октябрда ташкил қилинган Ўзбекистон ССР Муваққат инқилобий комитетига топширдилар. Бу комитет Ўзбекистон ССР тузилишини бошқариб борди.

1925 йил 13 фев. да Бухорода махсус қурилган Халқ уйида Ўзбекистон ССР советларининг 1қурултойи очилди. Қурултой 17 фев. да «Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасини ташкил этиш тўғрисида декларация» қабул қилди. ЎзССР орадан кўп ўтмай СССР таркибига қабул қилинган (1925 йил 13 май). ЎзССР таркибида 1929 йилгача Тожикистон АССР ҳам бўлган (яна қ. Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси).

Қорақалпоқ автоном области (1925 йил 16 фев. дан) тузилиб, у дастлаб Қозоғистон АССР таркибига кирган. Кейинчалик Қорақалпоқ автоном области (1932 йил РСФСР таркибига, 1936 йилдан Ўзбекистон ССР таркибида) Қорақалпоғистон АССР қилиб қайта тузилди (яна қ. Қорақалпоғистон Республикаси).

Ўрта Осиё халқлари учун бу чегараланиш ва ташкил этилган янги «миллий давлатчилик» уларнинг бундан кейинги тараққиётига янги нозик фарқларни олиб кирди.

Ўзбекистон ССРнинг тузилиши «ўзбек халқининг миллий давлатчилиги ташкил қилинди», деган фикрни англатмайди. СССР таркибидаги ЎзССР амалда ҳеч қандай суверенитет ва мустақилликка эга эмас эди. ЎзССР ташкил этилаётган вақтлардаёқ унинг олдига, асосан, Марказнинг манфаатларига хизмат қилиш, СССРнинг марказий р-нларига хом ашё етиштириб бериш каби вазифалар қўйилган эди. СССР инқирозга юз тутган ва парчаланган пайтгача бу вазифалар ўз кучини йўқотмади.

Ад.: Туркестан в начале XX века: к истории истоков национальной незавйсимости, Т., 2000; Ўзбекистоннинг янги тарихи, 2-китоб [Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида], Т., 2000; Ўзбекистон давлатчилиги тарихи очерклари, Т., 2001; Ражабов Қ., Ҳайдаров М., Туркистон тарихи (1917—1924 йил), Т, 2002.

Раъно Ражапова, Қаҳрамон Ражабов.