ЎРТА ОСИЁ

ЎРТА ОСИЁ — Евросиё материгининг ўрта қисмида, ғарбда Каспий денгизи қиргоқларидан шарқда Хитой чегарасигача, шим. да Ғарбий Сибирь текислигидан, жан. да Нишопур, Сафедкўҳ ва Ҳиндукуш тоғларигача чўзилган йирик табиий географик ўлка. У материк ичкарисида, Атлантика океанидан 4 минг км, Шим. Муз океанидан 2,5 минг км, Тинч океандан 5,5 минг км ва Ҳинд океанидан 1 минг км га яқин масофада жойлашган, сувлари океанларга чиқиб кета олмайдиган берк ҳавзадан иборат. Ўрта Осиё ҳудуди ўрта асрларда, Турон араб манбаларида Мовароуннаҳр, 19-аср нинг 2-ярми ва 20-аср бошларида (1924—25 йларда ўтказилган миллий давлат чегараланишигача) Туркистон деб аталган, кейинчалик Ўрта Осиё деб аталадиган бўлди.

Ўлканинг ғарбий чегараси Эльбурс тоғининг 54° 15’ шқ. у. қисмидан бошланиб, Каспий денгизининг шарқий қирғоғи орқали Манғишлоқ қўлтиғигача, ундан Устюртнинг шим. ғарбий чинки бўйлаб, Дўнғизтов, Чоғрай платоси, Чўчқа ва Муғожар тоғлари шарқий этаги орқали ўтиб, 58° шқ. у. ва 48° шаҳрик. га боргандан кейин шим. га бурилади ва Жетиғара шаҳри гача, ундан кейин Қўстанай шаҳри орқали Айритовгача боради. Сўнгра Қозоғистон паст тоғларининг шим. чегараси бўйлаб шарқ ва жан. шарқ томон давом этиб, Қозоғистон — ХХР чегарасига туташади. Шарқий чегара эса Савр, Шарқий Жунғария, Жунғария, Борохоро, Ирен — Хабирга, Қарат, Ҳолиқтоғ тизмалари сувайирғичлари, Хонтангри тоғ тугуни, Қақшал, Отбоши тизмалари сувайирғичлари орқали ўтиб, Фарғона тизмасига келиб туташади, сўнгра Олай тизмасининг шарқий чеккаси ва Сариқўл тизмаси сувайирғичи бўйлаб ўтиб, Ҳиндукуш тоғларига туташади. Бу ерда, Музтоғдан бошлаб ғарбга томон жан. чегара бошланади ва Ҳиндукуш, Сафедкўҳ, Нишопур тизмалари сувайирғичлари бўйлаб ўтиб, Эльбурс тоғи орқали Каспий денгизининг жан. шарқий чекка соҳилига келиб туташади. Ўрта Осиё йирик геосистема сифатида (майд. 3300 минг км2 чамасида) Қозоғистоннинг каттагина қисмини, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, қисман Хитой ҳудудлари, ҳамда Афғонистон ва Эроннинг Амударё ҳавзасига қарашли қисмини ўз ичига олади. Ўрта Осиёнинг қўшни табиий ўлкаларидан фарқлантириб турувчи ўзига хос бир қанча белгилари мавжуд. Булар:

1) Евросиё материгида тутган ўрнининг ўзига хослиги, яъни материкнинг ичкарисида, океанлардан узоқдан жойлашганлиги;

2) ўлканинг берк ҳавзадан иборат эканлиги, яъни бу ерда шаклланган асосий оқимнинг ташқи денгиз, океанларга чиқиб кета олмаслиги ва ўлканинг эрозия базиси ҳисобланган Каспий, Орол, Балхаш, Иссиқкўл каби ички ҳавзаларга қуйилиши;

3) Ер юзасининг ўзига хослиги, яъни ўлканинг шим., шим. ғарбий катта қисми текисликлардан, шарқий ва жан. қисми тоғликлардан иборатлиги;

4) табиий шароитида ички тафовутларнинг катталиги, яъни табиатининг барча компонентлари ўлканинг турли қисмларида кескин фарқ қилиши; 5) ўзига хос горизонтал табиий зоналарнинг мавжудлиги ва уларга мос баландлик минтақаларининг ривожланганлигидир. Бу ўлкада ўсимликсиз кўчма қумлар, ўтиш қийин бўлган чакалакзор ўрмонлар, экинзор ва боғлардан иборат воҳаларни кўриш мумкин;

6) экологик шароитига кўра ҳам берк ўлка, бу табиатдан фойдаланишда эҳтиёткорликни талаб этади.

Ўрганилиш тарихи. Ўрта Осиёнинг табиати, хўжалиги, шаҳарлари, халқларига оид дастлабки географик маълумотлар Геродот (мил. ав. 5-аср), КвИн-т Курций Руф, Страбон (мил. ав. 2-аср) каби Юнонистон, шунингдек, Хитой олимларининг асарларида учрайди. Бу маълумотлар бирмунча чекланган, баъзан чала ва хатоликлари бўлса ҳам, кейинги, яъни ўрта асрлардаги географик билимларга замин бўлиб хизмат қилди. Ўрта Осиё ҳақидаги географик билимлар 9—12-асрларда кенг ривожланди. Бунда Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Аҳмад асСарахсий (9-аср), Жайҳоний, Абу Зайд Балхий (10-аср), Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Носир Хисрав, Маҳмуд Кошғарий (11-аср), АлХаракий, Абулқосим Замахшарий, Саъмоний ва бошқалар маҳаллий олимларнинг хизматлари катта бўлди. «Ҳудуд улолам» (10-аср) машҳур асари ҳам шу даврда ёзилди. Ўрта Осиё табиий географиясига оид маълумотлар 9—12-асрларда яшаган сайёҳ олимлар Ибн Хурдодбеҳ, Ибн алФақиҳ, Ибн Руста, алМуқаддасий, алМасъудий, Ибн Фадлон, Истахрий, Ибн Ҳавқал кабиларнинг асарларида ҳам учрайди. Ўрта Осиёга оид географик билимлар 13—17-асрларда ҳам, ўлкадаги ижтимоий-сиёсий ҳолатларга боғлиқ ҳолда, гоҳ суст, гоҳ жадал суръатлар билан ривожланиб борди. Бунда маҳаллий табиатшунос олимлар, сайёхдарнинг асарлари, саёҳатномалари аҳамиятли бўлди. Муҳаммад Авфий (13-аср), Фахриддин Банокатий (14-аср), Ҳофизи Абру (14— 15-аср лар), Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Наққош, Абдураззоқ Самарқандий (15аср), Заҳириддин Муҳаммад Бобур (16аср), Муҳаммад Ҳайдар Мирзо (16-аср), Маҳмуд ибн Вали (17-аср) асарлари шулар жумласидандир. Бу даврларга оид манбалар ичида чет эллик сайёҳлар Плано Карпини (13-аср), Марко Поло (13 — 14 а. лар), Ибн Баттута (14-аср), алУмарий (14-аср), Клавихо (15-аср) ларнинг саёҳатномалари ҳам бор. Ушбу асарларнинг айримлари тарихиймемуар йўналишида бўлса ҳам, географик ғоя ва умумлашмаларга бой, харитаграфик маълумотлари эса кўламли ва мазмунли бўлган.

Ўрта Осиё табиатини ўрганиш тарихидаги муҳим босқичлардан бири 18—19-асрларга тўғри келади. Бу даврда рус сайёҳлари, дипломатлари ва табиатшунос олимлари томонидан Ўрта Осиёга бўлган қизиқиш жадаллашди. Кўплаб экспедициялар уюштирилди (мас, Саймонов, Г. И. Карелин, А. И. Бутаков экспедициялари). Филипп Ефремов, Бурнашев, Филипп Назаров саёҳатлари натижасида ҳам ўлка ҳақида бирмунча географик маълумотлар тўпланди. ^ 19-асрнинг 50-й. ларидан бошлаб эса Ўрта Осиё географик жиҳатдан жадал суръатда ўрганила бошлади. П. П. СемёновТяньшанский, Н. А. Северцов, А. П. Федченко, Н. А. Зарудний, И. В. Мушкетов, В. Н. Ошанин, В. А. Обручев каби табиатшунос олимлар томонидан ўлка табиати ҳақида кўп маълумотлар йиғилди, табиий географияга оид муҳим қонуниятлар аниқланди. 20-асрнинг 1-ярмида Ўрта Осиё табиатини, табиий ресурсларини тадқиқ қилиш суръати янада ортди, ўрганиш кўлами кенгайди. Ўлканинг табиати бир бутун ҳолида ҳам, алоҳида компонентлари бўйича ҳам чуқур ўрганила бошлади. Бу борада Н. Л. Корженевский, Д. В. Наливкин, С. С. Шульц, Р. И. Аболин, Ю. А. Скворцов, Е. П. Коровин, Д. Н. Кашкаров, В. М. Четиркин, И. А. Райкова, Қ. З. Зокиров ва бошқалар бир қанча илмий ва амалий аҳамиятга эга бўлган асарлар яратдилар.

20-асрнинг 2-ярмида ҳам ўлка табиатини комплекс ўрганиш бўйича ишларнинг бориши самарали бўлди. Кўплаб монографик асарлар яратилди. Уларда Ўрта Осиё табиатини чуқур таҳлил қилиш билан бир вақтда ландшафтларни харитага тушириш, табиий географик районлаштириш, табиий географик комплексларни баҳолаш тараққиётини башоратлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва табиатни муҳофаза қилиш масалаларига ҳам катта эътибор берилган. Бунда географ олимлар Л. Н. Бабушкин, Н. А. Когай, Н. Д. Долимов, М. Қориев, Ҳ. Ҳ. Ҳасанов, З. М. Акромов, А. А. Рафиқов ва бошқаларнинг ҳиссалари бор.

Табиати. У. О. ҳудудининг4/5 қисми текисликлардан иборат, қолган қисмини тоғликлар ташкил қилади. Текисликларнинг Қозоғистон паст тоғларидан ғарб ва жан. ғарбдаги қисми Турон текислиги деб аталади. У тектоник жиҳатдан мезозой ва кайнозой ётқизиқлари билан тўлган катта ботиққа тўғри келади. Унинг остки қисми тектоник ҳаракатлар натижасида кучли ўзгарган палеозой жинслари қатламларидан тузилган қаттиқ фундаментдан иборат. Бу фундамент ер юзасидан турли чуқурликларда ётади, айрим жойлари паст кўринишида ер юзасига чиқиб қолган.

Ўрта Осиё текисликлари шарқ ва жан. томонларида Тарбағатой, Тяньшан, ҲисорОлай, Помир, Ҳиндукуш, Сафедкўҳ, Нишопур тоғлари билан ўралган. Уларнинг кўпчилиги баланд тоғлар бўлиб, 6 минг м дан баланд бўлган 136 та чўққиси бор. Айрим чўққиларнинг бал. эса 7—7,5 минг м га етади.

Ўрта Осиё тоғларининг хусусияти шундан иборатки, тизмалар ва уларни ажратиб турган дарё водийлари ва ботиқлар кўпинча кенгликлар бўйлаб чўзилган. Улар билан биргаликда кўндаланг тоғ тизмаларидан иборат орографик тугунлар (ёки маркадлар) мавжуд. Бундай тоғ тугунлари Тяньшан, Помир ва Ҳисор — Олай тоғларида 16 та бўлиб, улар музлик марказларидир.

Ўрта Осиёнинг умумий иклим белгилари — офтобли кунларнинг кўп бўлиши, континенталлик ва ёғиннинг камлигидир. Ҳудуднинг катта қисмини эгаллаган чўл ва чала чўлларда бу белгилар, айниқса, сезиларли. Бу ерга ёғинларни Атлантика океанидан келадиган ҳаво массалари олиб келади. Тропик кенгликлардан ташқарида ғарбдан шарққа йўналган нам ҳаво оқимлари Ўрта Осиё ҳудудига маълум даражада қуруқ ва ёзда қизиган ҳолда кириб келади. Шу сабабли Ўрта Осиё иқлими қурғоқчил. Бу ерда йиллик т-ра амплитудаси қўшни ўлкалардагига нисбатан каттароқ, яъни иқлимнинг континенталлиги юқорироқ даражада бўлади ва шу маънода Шарқий Сибирдан кейинда туради. Ўртача йиллик ҳаво т-раси Ўрта Осиё текисликларида 0° дан юқори: чекка шим. да 1—2°, жан. да 18° гача. Тоғлик қисмида денгиз сатҳидан 2200—2500 м баландликда —5°, —8° гача пасайиши мумкин. Мутлақ паст т-ра тоғлар ва баланд тоғларда —16° дан (жан. да) —50°гача (шим. да).

Ўрта Осиёнинг текислик қисмида июлнинг ўртача ҳаво траси, шим. да 20—22°, жан. да 30—31° бўлади. Энг юқори тра текислик ва тоғ этакларида 42°, 50° атрофида, тоғларда эса, 3000 м дан баландликда 22—24°. Йиллик ёғин миқдори ҳам бир текис тақсимланмаган. Қизилқум ва Қорақумда 100—150 мм, тоғларда 800— 900 мм ва ундан ортиқ. Энг кам ёғин Шарқий Помирда кузатилади (26 мм).

Ўрта Осиё ўлкасида иқлим хусусиятлари тафовутига кўра иккита кичик иқлим ўлкаси — субтропик иклим хусусиятларига эга бўлган Турон кичик ўлкаси ва мўътадил иқлим хусусиятларига эга бўлган Қозоғистон кичик ўлкасидир. Булар орасидаги чегара Қорабўғозгўл қўлтиғи шимоли, Устюртнинг жан. чинки, Қорақум ва Қизилқумнинг шим. чегараси Қоратоғ тизмаси, Талас Олатови ва Фарғона тизмасидан ўтади.

Ўрта Осиё океанлардан узоқ бўлгани ва тоғлар билан ўралгани учун берк ўлка ҳисобланади. Орол денгизи, Балхаш кўли, Иссиқкўл ва бошқалар майда берк ҳавзалар бор. Йирик дарёлари Амударё ва Сирдарё. Ў. О. да дарёларнинг зичлиги 1 км2 га 0,002 км. Тоғлик қисмида эса текисликларга қараганда дарё кўп (12 минг). Улар ёмғир, қор, музлик, ер ости сувларидан тўйинади. Суви, асосан, суғоришга сарф бўлади.

Ўрта Осиёда турлитуман тупроқлар тарқалган. Улар текисликларда кенгликлар бўйлаб зоналар ҳосил қилиб, шим. дан жан. га томон (тўқ каштан, оч каштан, қўнғир ва сур қўнғир, қумли чўл тупроқлари) алмашиниб боради. Тақирлар ва тақирсимон тупроқлар, шўрхок ва шўртоблар учрайди. Тоғларда эса тупроқлар баландлик минтақаларини ҳосил қилган. Мўътадил минтақанинг чўл зонасига туташ Жунғария Олатови ва Шим. Тяньшан тизмаларида қуйидаги баландлик минтақалар учрайди:

1) чўлдаштдан иборат тоғ этакларининг шим. бўз тупроқлари;

2) қуруқ ва дашт ҳамда паст тоғлардаги каштан тупроқлар;

3) ўтлоқидашт ва ўртача баландликлардаги тоғўрмон тўқ тусли тупроқлар;

4) қорақарағайоққарағай ўрмонларидаги қора тупроқсимон тоғ ўтлоқи ва тоғўтлоқи тупроқлар;

5) субальп ва альп ўтлоқлардаги торфли тоғ ўтлоқи ва чала торфли тупроқлар;

6) музликлар ва қорликлар.

Ғарбий Тяньшан, ҲисорОлай ва Копетдоғ тизмаларида баландлик минтақалари бошқачароқ. Пастдан юқорига:

1) тоғ олди қуруқ дашт чала саванналари бўз тупроқлари;

2) ҳар хил ўтлар ва буталар, дашт чала саванналари карбонатли жигарранг тупроқлар; 3) ўртача баландликдаги тоғ қуруқ ўтли ўрмон ва бута ўсимликлари жигарранг тупроқлари;

4) субальп даштлари тоғўтлоқи даштлар;

5) альп даштлари тоғўтлоқи дашт ва чала торфли тоғўтлоқлари;

6) музликлар ва қорлар.

Ички Тяньшан ва Помирдаги баландлик минтақалари:

1) шувоқбошоқли ўтлардан иборат дашт оч рангли ўтлоқи чала чўл тупроқлар;

2) чаловли даштлардаги қуруқ дашт, чўлдашт ва чўл тупроқлари;

3) баландтоғ қуруқ тундралари;

4) музликлар ва қорликлар. Помир учун баландтоғ шувоқ ва терескен ўсимликлари минтақаси хос.

Ўрта Осиёда Марказий Осиёнинг Палеарктика ўлкаси ҳайвонлари яшайди. Сут эмизувчилардан қумсичқон ва қўшоёқларнинг ҳар хил турлари, сариқ юмронқозиқ, ингичка бармоқли юмронқозиқ, антилопа — жайран, қулон, олакўзан, қорақулоқ, чўл мушуги ва сабанча, гепард ва бошқалар учрайди. Қушлардан хўжасавдогар, гўнгқарға, чумчуқлар, мойқут, чил, тувалоқ кабилар; судралиб юрувчилардан қурбақабош калтакесак, чўл агамаси, эчкемар, йўлиўл калтакесак, геккон ва бошқалар, илонлардан ўқилон, чўл бўғма илони, чарх илон, кўлбор илон, капча илон, қалқонбош илон ва бошқалар учрайди. Тошбақалар кенг тарқалган. Ҳашаротлардан ҳар хил қўнғизлар, асаларилар, арилар, чумолилар, капалаклар; ўргимчаксимонлардан бий, қорақурт, чаёнлар учрайди. Тўқайларда қирғовул, кобон, тўқай буғуси, чиябўри, еркаламуш, кўл бақаси, кўк қурбақа ва бошқалар бор. Сув ҳавзаларида куракбурун, мўйловбалиқ, чўртан, сазан, тангабалиқ, лаққа, лешч, шип, осман, маринка ва бошқалар балиқ турлари учрайди. Тоғлик ҳудудларда тоғ такаси, тоғ қўйи (архар), қизил суғур, узун думли мензбир суғури, қизил пишчуха, илвирс, тоғ ғози (улар), каклик, арча болтатумшуғи, зарғаддоқ ва бошқалар учрайди.

Ад. Қориев М., Ўрта Осиё табиий географияси, 1968; Баратов П., Маматқулов М ., Рафиқов А., Ўрта Осиё табиий географияси, Т., 2002; Корженевский Н. Л., Природа Средней Азии, Т., 1960; Ҳасанов И. А., Ғуломов П . Н ., Ўрта Осиё табиий географияси, Т., 2002.

Шуҳрат Зокиров, Потиҳкамол Ғуломов.