ЎРТА ОСИЁ ҚЎЗҒОЛОНИ

ЎРТА ОСИЁ ҚЎЗҒОЛОНИ (1916) , мардикорлар қўзғолони — 1-жаҳон уруши даври (1914—18)да Россия подшо ҳукуматининг мустамлакачилик сиёсатига қарши Ўрта Осиё халқларининг чиқишлари. Ўрта Осиё Қўзғолони аслида ўлкада тобора кучайиб бораётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий қарама-қаршиликлар маҳсули бўлиб, унинг бошланиши учун Николай II нинг 1916 йил 25 июндаги мардикорликка олиш ҳақидаги фармони баҳона бўлган. Бу фармон ижтимоий-иқтисодий томондан аҳволи танг бўлиб турган халқнинг сабркосасини тўлдириб юборди.

Дастлабки қўзғолон 4 июль куни Самарқанд вилоятининг Хўжанд шаҳрида бошланди. Оломон полиция идорасида тўпланиб мардикорликка олишни тўхтатишларини талаб қилди. Бунга жавобан чор маъмурияти солдатлари уларни ўққа тутди. Бундай воқеалар Самарқанд вилоятининг Сиёб, Маҳалла, Хўжааҳрор, Даҳбед, Жиззах, Сангзор, Зомин, Гадойтопмас, Жумабозор ва бошқалар жойларда бир-бирига уланиб кетди (қ. Жиззах қўзғолони). Қўзғолонларнинг биринкетигг мағлубиятга учрашига қарамай халқ оммаси бош кўтаришдан қайтмади. Қўзғолонларнинг ҳаммаси шафқатсизлик билан бостирилди.

Туркистон ўлкасининг Сирдарё вилоятида ҳам халқ қўзғолонлари авжига чиқди. Бу ердаги қўзғолонларни аёллар бошлаб бердилар. Дастлабки қўзғолон 11 июль куни Тошкент шаҳрида бошланиб, улар сони 2000—3000 киши атрофида эди. Қўзғолончилар Олмазордаги полиция идорасига тўпланганлар, олдинги сафларда аёллар туришган. Қўзғолончилар мардикорликка олинадиганлар рўйхатини йиртиб ташлаш учун полиция биносига бостириб киришган ва деразаларни тошбўрон қилишган. Шунда пристав Мочалов халққа қарата ўт очишга буйруқ берган ва қўзғолон фаолларидан бўлган Рузвонбиби Аҳмаджоновани ўз қўли билан отиб ташлаган. Қўзғолон қонга ботирилган. Қўзғолонлар Сирдарё вилоятининг Тўйтепа, Хонобод, Зангиота, Перовский, Авлиёота ва бошқалар жойларида ҳам шиддатли тус олган.

Қўзғолон алангаси Фарғона вилоятини ҳам қамраб олди. У ердаги дастлабки қўзғолонни 9 июлда Андижон шаҳри аҳолиси бошлаб берди. Эртасига Далварзин, 13 июлда эса Чуама қишлоғи аҳолиси қўзғолон кўтарди.

Вилоятдаги энг йирик қўзғолон Марғилон шаҳрида бўлиб, унда 20—25 минг киши қатнашди. Қўзғолонлар Фарғона вилоятининг Андижон, Наманган, Қўқон, Ўш ва Скобелев уездларида давом этди. Туркистон ўлкаси бўйича энг кўп қўзғолонлар айнан шу вилоятда бўлиб ўтган эди.

Мустабид ҳукумат юзлаб қўзғолончиларни ҳибсга олди ва уларни қаттиқ жазолади. Қўзғолончилар иши бўйича суд жараёнлари ҳарбий вазир Д. С. Шуваев фармони билан ташкил қилинган махсус муваққат ҳарбий судлар томонидан амалга оширилган. Суд ишлари ёпиқ эшиклар ортида, мутлақо яширин тарзда ўтказилган. Уларга ҳарбий суд орқали ўлим, сургун ва турли муддатларга қамаш жазоларини бериш билан қўзғолон қатнашчиларидан қаттиқ ўч олинди.

Чор маъмурияти белгиланган 200 минг 470 киши ўрнига 123 мингдан ортиқ мардикорларни сафарбар қилишга муваффақ бўлди. Улардан 101 600 киши Россиянинг Европа қисмига, 4000 киши Сибирга, 7405 киши Кавказга жойлаштирилган. 10 мингдан ортиқ киши Туркистон ўлкасида ишлатилган.

Ўрта Осиё Қўзғолонининг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, унда ўзбек, қозоқ, тожик, қирғиз, туркман ва қорақалпоқлар биргаликда мардонавор курашдилар. Кураш давомида халкларнинг тарихан шаклланган биродарлиги ва дўстлиги яққол намоён бўлди. Қўзғолон ниҳоятда оммавий тус олганлиги сабабли унинг довруғи Россияга етиб борди. Айниқса, уни бостириш билан боғлиқ фожиалар даҳшатли бўлди, ҳатто Россия давлат думасининг диққатини жалб этди. Оппозициядаги фракциялар махсус комиссия тузиб 1916 йил қўзғолонининг сабаблари ва оқибатларини ўрганди. Сўнгра дума мажлисида комиссия аъзолари ва сўзга чиққанлар орасида чор ҳукуматининг сиёсатини ғайриқонунийлигини, адолатсизлигини ва туб аҳолининг устидан юргизган зулмини фош этдилар. Халқ қўзғолонларини Петербургда, Россия давлат думасида муҳокама этилишида жадидларнинг, айниқса, Убайдулла Асадуллахўжаевнит хизмати катта бўлди.

Ўрта Осиё Қўзғолони чор ҳукуматининг мустамлакачилик ва улуғмиллатчилик сиёсатига қаттиқ зарба берди. Бу кураш миллий зулм, ўлкани Россиянинг хом ашё манбаи ва тайёр маҳсулотлар бозорига айлантиришга қарши қаратилди.

Қўзғолон ўзбек ва ўлканинг бошқа халқларининг мустақиллик, озодлик учун олиб борган курашлари тарихида ўчмас из қолдирди.

Ад.: Ўзбекистоннинг янги тарихи, 1ж. [Туркистон чор Россияси мустамлакачилиги даврида], Т., 2000; Зияе в Ҳ., Ўзбекистон мустақиллиги учун курашларнинг тарихи, Т., 2001; И смои л ова Ж., Фарғона водийсида миллий озодлик курашлари, Т., 2003.

Жаннат Исмоилова.