ЎРТА ОСИЁ МАРКАЗ МАГИСТРАЛ ГАЗ ЙЎЛИ

ЎРТА ОСИЁ МАРКАЗ МАГИСТРАЛ ГАЗ ЙЎЛИ — Россиянинг саноат р-нларини Ўзбекистон ва Туркманистондаги газ конларидан олинадиган табиий газ билан таъминлайдиган йирик газ қувури. Унинг 1навбати 1967 йилда ишга туширилган, унда диаметри 700 дан 1220 мм гача бўлган қувурлар қўлланилган. Умумий уз. 6542,1 км. Шатлик (Туркманистон) газ кони очилиши билан магистралнинг яна бир йўли қурилиб, ишга туширилган. Уни қуришда катта диаметр (1420 мм)ли қувурлардан, замонавий газ тортувчи агрегатлардан фойдаланилган. Магистралнинг 1, 2, 3газ қувурларига Учқур ва Шахпақти (Ўзбекистон) ҳамда Гугуртли, Наип, Очоқ (Туркманистон), 4газ қувурига Шатлик, Байрамали ва Кирпичли конларидан газ олинган. Магистралнинг умумий уз. (бир изли ҳисобда) 1350 минг км ни, жумладан, Ўрта Осиё ҳудудида 4,35 минг км, Ўзбекистон ҳудудида 1490,6 км ни ташкил қилади. 2004 йилда Россиянинг «Газпром» компанияси билан «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси ўртасида ҳамкорликда Шахпақти (Чақмоқли) конини қайта реконструкция қилиш инвестиция лойиҳаси бўйича маҳсулотни бўлиш ва Россия ҳиссасини мазкур магистрал орқали жўнатиш ҳақида узоқ муддатли битим имзоланди. Ўзбекистон ҳудудида газ йўлига «Ўзнефтгаз» миллий холдинг компаниясига қарашли «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти хизмат кўрсатади. Магистрал тизимида йирик газ компрессор ст-ялари қурилган. 2004 йилда бу магистрал орқали Ўзбекистондан 7 млрд. м3 газ экспорт қилинди.