ЎРТА МИЯ

ЎРТА МИЯ (тезепсерпакт) — бош миянинг оралиқ мия билан Варолий кўприги ўртасида жойлашган бўлаги. Мия оёқчалари, тўрт тепалик пластинкаси ва оёқчалар орасида жойлашган мия сув йўлидан иборат.

Ўрта миянинг кўндаланг кесимида 3 қисм тафовут қилинади.

1) том пластинкаси — тўрт тепаликни ўз ичига олган мия сув йўлигача бўлган қисм;

2) томча — мия сув йўли билан қорамтир моддагача бўлган қисм, бу ерда думалоқ шаклли қизил ядро жойлашган;

3) мия оёқчаларининг асоси, у асосан, оқ моддадан иборат бўлиб, бош миянинг пўстлоғидан бошланувчи эфферент ўтказувчи йўллардан ташкил топган. Оёқчаларининг мия сув йўли атрофида III ва IV жуфт бош мия нервларининг соматик ва парасимпатик ядролари жойлашган. Ўрта мия мускуллар тонусини тартибга солиб, одам мувозанатини сақлаш ва юришда фаол қатнашади. Ўрта мия жароҳатланганида ёки касалланганда мускуллар кучли қисқариб, оёққўллар букилмай қолади.

Тўрт тепаликнинг устки дўмбоқча ядролари кўзнинг тўр пардасидан импульслар қабул қилиб, керакли жавоб юборади, яъни ёруғлик томонга бошни буришда қатнашади. Кўзга келаётган нур йўналишига қараб кўз қорачиғининг кенгайиши ёки торайишини, кўз гавҳарининг ҳолатини атрофмуҳитни аниқ кўришга (аккомодация) мослаштиради. Тўрт тепаликнинг пастки дўмбоқчаларида жойлашган ядролар қулоқни товушга нисбатан мослаш, бошни товуш томонга буриш каби ҳолатларни идора этади (яна қ. Бош мия).