ЎРТА ЭРОН ТОҒЛАРИ

ЎРТА ЭРОН ТОҒЛАРИ — Эрондаги тоғ системаси, Эрон тоғлигининг ички қисмида. Шим. ғарбдан жан. шарққа 1000 км га чўзилган, эни энг сербар жойида 300 км. Аксари қисмининг бал. 2000— 2500 м, энг баланд жойи 4420 м (Ҳазор чўққиси). Йирик тизмалари — Кўҳируд ва Кўҳибенон. Тоғлар, асосан, чўкинди ва вулкан жинсларидан тузилган, қурум кўп. Йиллик ёғин 100—300 мм. Ландшафти тоғ дашти ва чўлдан иборат. Тоғ оралиғидаги водийлар тўқай чакалакзорлари, тоғ тепаларида ўтлоқ ва бутазорлар бор. Дарё водийларида терак, тол, жийда, ёнғоқ ва бошқалар дарахтлар ўсади. Чорвачиликда яйлов сифатида фойдаланилади.