ЎРТА ДЕНГИЗБЎЙИ ЎЛКАСИ

ЎРТА ДЕНГИЗБЎЙИ ЎЛКАСИ — Евросиё ва Африка материкларининг Ўрта денгизга туташ ҳудудлари ҳамда ундаги орол ва ярим оролларни ўз ичига олган табиий ўлка. Ўрта денгиз бўйлаб жойлашган тарихий вилоятни ҳам англатади. Майд. 4 млн. км2 (Ғарбий Осиё тоғликлари билан 5 млн. км2 дан зиёд). Рельефи, асосан, тоғлик; карст ва эрозион рельеф шакллари кўп учрайди. Ўрта денгизбўйи ўлкаси вулканизм (Этна, Стромболи, Везувий вулканлари) ва тектоник ҳаракатлар фаол зона. Иклими субтропик ўрта денгиз иқлими, янв. нинг ўртача т-раси шим. да 0—2°, жан. да 10—12°, июлда 19—20° дан 28 — 30° гача. Йиллик ёғин текисликларда 300—400 мм дан тоғларда 3000 мм гача. Дарёлари, асосан, ёмғир сувларидан тўйинади, қишда тўлиб оқади. Чўл ва чала чўл ландшафти устун. Тошлоқ ялангликлар бор. Табиий ўсимлик қоплами деярли қолмаган. Субтропик деҳқончилик ривожланган (токзорлар, цитрус мевалар ва зайтун дарахтлари плантациялари бор). Тамаки, пахта, шунингдек, буғдой, маккажўхори экилади. Чорвачилик билан шуғулланилади, денгиздан балиқ овланади. Туризм ривожланган: Ў. д. ў. даги қадимий обидалар ва хушманзара жойлар миллионлаб туристларни ўзига жалб этади. Инсон Ўрта денгизбўйи ўлкасида қуйи палеолит давридан яшай бошлаган. Ўлка инсон цивилизацияси (тамаддуни)нинг илк маконларидан, қ. Миср, Қадимги Миср, Фаластин, Финикия, Эгей маданияти, Эллада маданияти.