ЎРТА ЧИРЧИҚ ТУМАНИ

ЎРТА ЧИРЧИҚ ТУМАНИ — Тошкент вилоятидаги туман. Ҳудудининг кўп қисми Чирчиқ дарёси билан Тошкент канали оралиғида жойлашган. 1926 йил 29 сентябрда ташкил этилган. Шим. шарқда Юқори Чирчиқ, шарқда Оҳангарон туманлари, шим. да Тошкент шаҳри, Зангиота тумани, ғарбда Қуйи Чирчиқ, жан. да Оққўрғон ва Пискент туманлари билан чегарадош. Майд. 0,51 минг км2. Аҳолиси 163,4 минг киши (2004). Туманда 1 шаҳар (Тўйтепа), 2 шаҳарча (Туябўғиз, Янгиҳаёт), 13 қишлоқ фуқаролари йиғини (Ангор, Дўстлик, Истиқлол, Навоий, Охунбобоев, Оқота, Уйшун, Пахтакор, Пахтаобод, Юнучқала, Янгитурмуш, Ўртасарой, Қорасув) бор. Туман маркази — Тўйтепа шаҳри.

Табиати. Туман ҳудуди Чирчиқ дарёсининг чап соҳилидаги текисликда жойлашган. Иқлими континентал. Қиши совуқ, ёзи иссиқ. Янв. нинг ўртача т-раси 0—4°, энг паст тра 19°, —20°. Июлники 28—30°, энг юқори т-ра 41—42°. Ўртача йиллик ёғин 450—460 мм. Вегетация даври 300 кун. Туман ҳудудидан Полвонов номидаги Т°шкент, Қорасув каналлари, шим. ғарбидан Чирчиқ дарёси оқиб ўтади. Бир неча коллектор бор. Туман жан. да Туябўғиз сув омбори («Тошкент денгизи») жойлашган. Тупроқлари бўз тупроқ. Ёввойи ўсимликлардан шўра, қамиш, юлғун ва бошқалар ўсади. Ҳайвонлардан чиябўри, тулки, юмронқозиқ, сувилонлар учрайди.

Аҳолиси, асосан, ўзбеклар, шунингдек, қозоқ, татар, рус, корейс ва бошқалар миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2 га 320,3 киши (2004). Шаҳар аҳолиси 38,7 минг киши, қишлоқ аҳолиси 124,7 минг киши.

Хўжалиги. Туманда йирик, ўрта бизнес, 125 кичик корхона ва 1143 микрофирмалар фаолият кўрсатади. Ўзбекистон — Корея «Кабул — Тўйтепа ЛТД» ип йигирув — тўқув (қ. «Кабул текстайлз»), Ўзбекистон — Германия «Хакипет», «Хусайн Мирзо», қўшма корхоналари ишлаб турибди. И. ч. бирлашмалари, металлконструкциялари, темирбетон, асфальтбетон, 2 пахта тозалаш зд, МТП, тикувчилик ф-каси, дон қабул қилиш корхонаси бор. 13 жамоа хўжалиги, ўқув тажриба корхонаси фаолият кўрсатади. Туман қ. х., асосан, пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослашган. Ўрта чирчиқ туманида жами суғориладиган 28,6 минг га ерга пахта, 11,5 минг га ерга дон, шунингдек, картошка, сабзавот ва полиз, озуқа экинлари, беда экилади. Тумандаги жамоа ва шахсий хўжаликларда 32 минг қорамол, шунингдек, 321,7 минг қўй ва эчки, 205,2 минг парранда, 21,7 минг йилқи боқилади (2005). Ўрта чирчиқ туманида Республика шоликорлик илмий тадқиқот инти, 74 умумий таълим, болалар санъат, спорт мактаблари, академик лицей, гимназия, 2 касб-ҳунар коллежи фаолият кўрсатади. Туман марказий кутубхонаси, марказий маданият уйи, 2 маданият ва истироҳат боғи, 8 клуб муассасаси бор. 3 стадион, спорт заллари, отиш тирлари, футбол, волейбол, баскетбол, қўл тўпи майдончалари мавжуд. Туман марказий касалхонаси, 3 поликлиника, туғруқхона, дорихона, 20 қишлоқ врачлик пунктлари, 21 фельдшеракушерлик пунктлари аҳолига хизмат кўрсатади.

Ўрта чирчиқ тумани автомобиль йўллари орқали Тошкент шаҳри ва бошқалар шаҳарлар билан боғланган. Туман ҳудудидан Тошкент — Ангрен т. й. ўтади. 1932 йилдан «Машъал» туман газ. чоп этилади.

Андрей Кубатин.