ЎРОҚҚАНОТЛИЛАР

ЎРОҚҚАНОТЛИЛАР — шом капалаклари оиласи. Қанотлари ёйилганида 20—40 мм, кенг; оддинги қанотларининг учки қисми чўзиқ ва ўроқсимон эгилган (номи шундан): Танаси ингичка, хартуми кичик ёки бўлмайди. 800 га яқин тури бор; асосан, Шарқий ярим шарнинг тропик ва субтропик қисмида тарқалган. Ўзбекистонда 10 га яқин тури учрайди. Қуртларининг танаси сийрак туклар билан қоплаган; қориноёқлари 4 жуфт; дарахтлар ва буталар барги билан озиқланади. Барглардаги пилла ичида ғумбакка айланади. Йилда 2 авлоди ривожланади.