ЎРОҚ

ЎРОҚ — турли бошоқли экинлар, беда, пичан ва ўтларни ўриш учун ишлатиладиган қурол. Дастаки (қўл) ва машина Ў. лари фарқпанади. Дастаки Ўроқ илк деҳкончилик ва чорвачилик пайдо бўлганидан сўнг расм бўлган. Ўрта Осиёда тарқалган дастаки Ўроқ тури 3 қисмдан — тиғ (юқори қисми, учи ичкарига сал қайрилган), бўйин ва даста (металл учига ёғочдан ўрнатилади) дан иборат. Ой шаклига яқин тиғли (тиғи аррасимон тишли хили ҳам кўп тарқалган) ва дастали Ўроқ хили ҳам бор. Тик юриб ўриш учун ишлатиладиган Ўроқ чалғи Ўроқ, бел Ў. деб аталади. Бундай Ўроқ узун ёғоч дастали бўлади. Ўроқ дастлаб неолит даврида пайдо бўлган (ёғоч, суякка тиғли тош қадаб тайёрланган). Энеолит даврида бутунлай тошдан ишланган. Жез даврида металлдан тайёрланган, илк темир давридан бошлаб темирдан ишлана бошлаган. Ўроқ узоқ асрлар мобайнида асосий қ. х. қуролларидан бири бўлиб келди. Техника тараққиёти туфайли Ўроқ м а шиналари пайдо бўлди. Аммо дастаки Ўроқ тури ҳали ҳам кенг ишлатилади. Ўроқ машинаси қ. х. экинларини, беда ёки ўтни ўриб, комбайннинг ишчи органига етказиб бериш (комбайнларда) ёки уларни боғбоғ қилиб далага ёйиб кетиш (алоҳида ўт ўргичларда) учун мўлжалланади. Асосий иш органлари: қирқиш ёки юлиш аппарати, мотовило (парраксимон айланувчи қисм), транспортёр. Ў. машинаси тракторлар, комбайнлар ёки ўзиюрар шассилар билан агрегатлаб ишлатилади. Мас, «Ўзқишлоқхўжаликмашхолдинг» компаниясида ишлаб чиқарилган «Умид» кир 1,5 Г русумли ўришмайдалаш машинаси ўтни ўриб, майдалаб ва транспортга ортиб боради. Бу машина қуввати 40—70 кВт ли тракторлар билан агрегатланади.