ЎРМОНОВЧИЛИК ХЎЖАЛИГИ

ЎРМОНОВЧИЛИК ХЎЖАЛИГИ — ўрмондан овчилик мақсадларида фойдаланадиган хўжалик. Ўрмондаги ёввойи ҳайвонларни сақлаб қолиш, уларни кўпайтириш билан ҳам шуғулланади. Ўрмондан овчилик мақсадларида фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг «Ўрмон тўғрисида»ги қонуни (1999 йил 15 апр.) билан тартибга солинади (28-модда). Ўрмондан фойдаланиш ва ўрмон хўжалигининг турли тадбирлари ёввойи ҳайвонларнинг ҳаёт кечириши учун керак бўлган қулай шароитни сақлашни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши лозим. Шу билан бир қаторда ўрмондаги ҳайвонлар сони ўрмонзорлар учун мос келадиган зичликка амал қилинган ҳодда, яъни ҳайвонлар ўрмон ва қ. х. га зарар етказмайдиган миқдорда бўлиши керак. Ўрмонлар овчилик хўжаликларига биркитилиб қўйилиши мумкин, шунингдек, уларга ўрмон хўжалигини олиб бориш вазифасини ҳам юклатилади. Ҳамма ўрмонларда (қўриқхоналардан ташқари) овчилик майдонлари (10 йилдан кам бўлмаган муддатга) ажратилиши мумкин. Ҳоз. Ўзбекистонда 5 та давлат ўрмоновчилик ва овчилик хўжаликлари бўлиб, бу хўжаликларга 2,5 млн. га ер ажратилган.