ЎРМОН

ЎРМОН — бир-бирига ва ўсиш шароитига таъсир этувчи ва географик ландшафт элементини ҳосил қилувчи дарахтсимон ўсимликлар мажмуи; Ер ўсимлик қопламининг асосий типларидан бири, биосферанинг таркибий ва жуда муҳим қисми. Ўсимликларнинг кўпгина ҳаётий шаклларидан иборат бўлиб, булар орасида дарахт ва буталар асосий, ўтлар, бутачалар, йўсинлар, лишайниклар ва ҳ. к. иккинчи даражали ролъ ўйнайди. Ў. Антарктидадан ташқари ҳамма қитъаларда ўсади, Ер шаридаги қуруқликнинг 30% ни ишғол қилади. Ернинг Ўрмон ли майдони 4 млрд. га майдонни эгаллайди (Ўзбекистонда 8,5 млн. га ни ташкил этади, 2004).

Ўсиш шароитига қараб, кўпчилик дарахт турлари қимматли ўрмон формацияси (мас, қарағайли Ўрмон, кедрли Ўрмон, оққарағайли Ўрмон, тилоғочли Ўрмон ва ҳ. к.) ни ҳосил этади. Ўрта Осиёда арчазор Ў. лар кўп. Ўрмонлар турли зоналарда тоғ ва дарё қайирларида ҳам тарқалган. Ўрмоннинг тур таркиби, муҳим ўсимликларнинг биологик хусусиятлари, ёши ва маълум табиийгеографик шароитига қараб ўсимликларнинг бир нечта погонаси ривожланади. Мўътадил минтақа Ў. лари таркиби бўйича: биринчи катталикдаги дарахтлар ва Ўрмон ҳосил қилувчи довдарахтлар (қарағай, қорақарағай, тилоғоч, эман, шумтол)дан иборат 1поғона, иккинчи катталикдаги дарахтлар (оққарағай, қорақайин, липа, заранг ва бошқалар)дан иборат 2поғона, буталар (ўрмон ёнғоғи, итжумрут, нормушк ва бошқалар)дан иборат 3поғона ҳамда ўтбутачали ва йўсинлишайникли қопламадан иборат 4—5 (қуйи) поғоналар бўлади. Ўрмонда баъзан, поғоналарга кирмайдиган чирмашувчи ва илашувчи ўсимликлар ҳам учрайди.

Ўрмон табиий (уруғидан, вегетатив, бачкисидан) ҳамда сунъий (уруғ ёки кўчат экиб) йўл билан тикланади. Табиий ўрмонлар асосий майдонни эгаллайди. Ўрмон таркиби ва ривожланишига кўра бир қанча типларга ажратилади. Ҳар бир тип муайян бир турдаги дарахтлар, буталар, шунингдек, ўтлар, бутачалар, йўсин ва лишайниклардан иборат. Ўсиш минтақаларига кўра, Ўрмонлар Шим. ярим шарда тропик, субтропик, географик зоналликка кўра тундра, тайга, дашт, чўл, тўқай ва бошқалар, ўсимликдарахтлар таркибига кўра қарағай, арча, қайин, эман ва ҳ. к. Ўларига бўлинади. Ўрмоннинг ривожланиши тупроқ, иқлим шароити, ҳайвонлар иштироки ва роли, инсоннинг бевосита аралашуви билан боғлиқ. Ўрмондан унумли фойдаланилса, етилган дарахтлар танлаб қирқилса, Ўрмон узоқ яшайди, яхши тикланади. Ўрмон, ўз навбатида, тупроқ шароитига, унинг сув режимига, структурасига, органик ва минерал моддаларнинг тўпланишига, тупроқ унумдорлигига катта таъсир кўрсатади. Ўрмонда нам кўплиги туфайли гумус (чиринди) мўл тўпланади, тупроқ тез ишқорсизланади, кислоталилиги ортади, илдизлар чуқур тарқалади. Ўрмон ёзги, айниқса, қишки ёғинларнинг тақсимланиши ва тўпланишига таъсир кўрсатиб, ўсимлик ҳамда ҳайвонлар учун микроиқлим яратади. Ернинг Ўрмон қоплами — тирик моддаларнинг планетар аккумуляторларидан бири бўлиб, Ўрмон биосферада бир қатор кимёвий элементлар ва сувни сақлаб туради, тропосфера билан ўзаро фаол таъсирлашади ва кислород ҳамда углерод баланси даражасини белгилайди. Ўрмонлар одамзод учун керакли бўлган кислороднинг 60% ни ишлаб чиқаради. Ўрмон рекреация ва соғломлаштириш аҳамиятига эга. Тупроқни шамол ва сув эрозиясидан, темир ва автомобиль йўллари, каналлар, қишлоқ хўжалиги экинлари экилган майдонларни, аҳоли ггунктларини турли ноқулай табиий ҳодисалардан ҳимоя қилади. Ўрмонлар тоғларда сел оқимларининг вужудга келишига йўл қўймайди, қор кўчиши, тупроқлар силжишининг олдини олади. Ўрмон ёғочларидан 20 мингдан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Ўзбекистон Республикасида Ўрмонга оид муносабатлар 1999 йил 15 апр. да қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Ўрмон тўғрисида» қонуни билан тартибга солинади (яна қ. Ўрмон ресурслари, Ўрмон фонди).

Ад.: Хоназаров А. А., Ўзбекистонда ўрмонзорлар барпо этиш асослари, Т., 2002.