ЎРМОН ЗОНАЛАРИ

ЎРМОН ЗОНАЛАРИ — Шим. ва Жанубий ярим шарларнинг экваториал, тропик, субтропик ва мўътадил минтақаларининг табиий ландшафтида турли типдаги ўрмонлар асосий ўринни эгаллаган географик зоналар.

Ўрмон зоналари Ер юзидаги қуруқликнинг 30% га яқин қисмини эгаллайди (қ. Ўрмон).

Экваториал Ўрмон зоналари экваториал минтақатлш табиий ландшафтида ўрмонлар кўп бўлган табиий зона. Асосан, экваторнинг ҳар икки тарафидаги пасттекисликларни эгаллайди (Амазонка дарёси ҳавзаси, Экваториал Африка, Малай архипелагидаги ороллар ва Янги Гвинеяда). Табиат ривожланишида мавсумий ўзгаришларнинг йўқлиги, иқлимнинг ўзига хослиги ва куннинг узоқлиги хос. Доим яшил ўрмонлар жуда зич ва турларга бой. Зонанинг чекка қисмларида барг тўкувчи дарахтли аралаш ўрмонлар мавжуд.

Субтропик минтақа лардаги Ўрмон зоналарида қиш илиқ бўлиб, вегетация узлуксиз давом этади. Бу зонадаги ўрмонлар гемигилея, муссонли аралаш ўрмонлар ва ўрта денгизбўйи ўлкаларидаги ёзги қуруқ ўрмонлар ва бутазорларга ажратилади. Гемигилеялар АҚШнинг жан. шарқи, Бразилия ясситоғлигининг жан., Африканинг жан. шарқи, Янги Зеландиянинг Шимолий о. даги сернам ўлкаларда, муссонли аралаш ўрмонлар қиши қуруқ ва ёзи нам бўлган илиқ иқлим шароитида, асосан, Осиё, Шим. ва Жанубий Америка, Австралия материкларининг шарқий чеккаларида жойлашган. Ўрта денгиз бўйи ўлкаларидаги ёзи қуруқ ўрмонлар ва бутазорлар Шим. Америка (Калифорния), Жанубий Американинг ғарби, Австралиянинг жан. ва ғарби, Жанубий Африкада, Янги Зеландиянинг шим. даги кичикроқ ҳудудни эгаллаган.

Тропик минтақалардаги Ўрмон зоналари Жанубий ярим шардаги иқлими нам ёки мавсумий нам бўлган, тупроқ ҳосил бўлиши латерит хусусиятли, йиллик ёғин миқдори 2000 мм дан зиёд бўлган ҳудудларда, хусусан, Флориданинг жан. да, ВестИндияда, Мадагаскар о. да, Австралиянинг шарқида ва Океаниянинг баъзи оролларида кенг тарқалган. Бу зонада доим яшил ўрмонлар билан бир қаторда қизил ферралит ва феррит тупроқларда қурғоқчилик даврида барг тўкадиган дарахтлар ҳам ўсади.

Мўътадил минтақаларнинг Ўрмон зоналари Шимолий ва Жанубий ярим шарлардаги материкларнинг, асосан, игна баргли ва барг тўкадиган ўрмонлар ҳамда подзол ва қўнғир тупроқлар тарқалган табиий зоналаридир. Шим. ярим шарнинг шим. қисмида музлик даври рельеф шакллари сақланган. Бу зонада ўрмон ҳосил қиладиган дарахт турлари кам, ўрмон ва ўтлоқлар, ўрмон ва ботқоқликлар, ўрмон ва дашт зоналари бир-бири билан қўшилиб кетган жойларда ўсимлик тури анча кўп. Мўътадил минтақанинг Ўрмон зоналари 3 кичик зонага ажратилади: т а й г а , аралаш ва кенг баргли ўрмонлар кичик зоналари. Тоғли ўлкалардаги Ўрмон зоналарининг табиий хусусиятлари баландлик минтақалари бўйлаб ўзгаради. Евросиёнинг Ўрмон зоналари Ғарбий Европанинг катта қисми, Шарқий Европа текислиги, Урал, Ғарбий Сибирь, Ўрта Сибирь ясситоғлиги ва Узоқ Шарқда, Шим. Америкадаги ўрмонлар Тинч океандан Атлантика океанигача, жан. да соҳил бўйлаб 36—40° шаҳрик. гача тарқалган. Жанубий Америкада фақат материкнинг ғарбида, Анд тоғларида, 38° ж. к. дан жанубда жойлашган. Янги Зеландиянинг Жанубий о. да озгина шундай ўрмонлар бор. Бошқа материкларда бундай ўрмонлар йўқ.

Ўрмон зоналаридан қ. х. да, айниқса, деҳқончиликда кенг фойдаланилади. Баъзи жойларда ўрмонлар кесилиб, кўп ерлар экин майдонларига, плантацияларга айлантирилган. Баъзи ҳудудларда ўрмон хўжаликлари ва овчилик кенг ривожланган. Ҳоз. кунда ўрмонларни муҳофаза қилиш муаммоси юзага келган. Ўрмонларни тартибсиз дарахт кесиш, ёнғинлар, турли касаллик ва зараркунандалардан саклаш зарур вазифа бўлиб келмоқда.

Ўзбекистондаги тоғларда кенг баргли, аралаш ва арча ўрмонлари, текисликларда чўл саксовулзорлари, тўқай ўрмонлари мавжуд. Улар сув, тупроқ муҳофазасига хизмат қилади.