ЎРМОН-ТУНДРА ЗОНАСИ

ЎРМОН-ТУНДРА ЗОНАСИ — Шим. ярим шарнинг субарктика минтақасидаги табиий зона, жан. да мўътадил минтақанинг ўрмон зонаси билан шим. даги тундра зонаси орасида жойлашган. Евросиё ва Шим. Американинг шим. қисмида кенглиги 30 — 50 км дан 300 — 400 км гача бўлган ҳудудларни эгаллайди. Ҳудудининг 25—30% дарахтзор ва бутазорлардан иборат. Иқлими анча кескин. Янв. нинг ўртача т-раси — 10° дан —40° гача, июлники 10° дан 14° гача. Ёғин миқдори 200—400 мм, лекин бу миқдор мумкин бўлган буғланишдан юқори, шунинг учун ботқоқлик ва кўл кўп. Глейлашган подзол ва торфлиглей, торфлиботқоқ тупроқлари юпқа, органик моддалари жуда кам. Дарё водийларидаги сийрак ўрмонлар ер бағирлаб ўсади. Ҳудудининг катта қисмидан буғучилик учун яйлов сифатида фойдаланилади, водий ўтлоқларидан пичан ўрилади.