ЎРМОН РЕСУРСЛАРИ — табиат ресурсларининг энг муҳим турларидан бири; мамлакат ҳудудидаги ўрмон (ёғоч) захиралари, емхашак, овчилик ресурслари, ёввойи ўсимликларнинг мевалари, доривор ўсимликлар ва бошқаларни ўз ичига олади. 20-асрнинг 80-й. ларидаги маълумотларга кўра, Ер шарида қуруқликнинг 30% ни ўрмонлар ташкил этади. Жаҳон бўйича умумий ўрмон ерлари майдони 4 млрд. га, шундан ялпи ўрмонзорлар 3 млрд. га; жами ёғоч захираси 356,7 млрд. м3, ҳар йили тайёрланадиган ёғоч миқдори 3 млрд. м3 дан кўпроқ. Ўрмонларда ёғочларнинг йиллик ўсиши 3,2 млрд. м3 ни ташкил этади. Лотин Америкаси ёғоч захираларининг кўплиги жиҳатидан қитъалар ичида 1 ўринда туради. Россия, АҚШ, Канада ва Бразилия йирик Ўрмон ресурсларига эга. Ўрмон ресурсларининг асосий қимматли маҳсулоти — бу саноат ва қурилишнинг кўпгина тармоқларида ишлатиладиган, ўрмон дарахтларини кесиб тайёрланадиган ёғочдир. Ўрмон ресурсларидан саноат усулида фойдаланишда ундаги дарахтларнинг тур таркиби катта аҳамиятга эга. Ўрмон саноатида ёғочи юқори сифатли бўлган игнабаргли, юмшоқ баргли ва қаттиқ баргли дарахт турлари қўп ишлатилади, юмшоқ баргли турлари (қайин, тоғтерак, ольха ва бошқалар)дан кам фойдаланилади. Юқори сифатли қайин дарахтлари фақат фанер, мебель кабиларни тайёрлашда ишлатилади. Ўрмон ресурсларининг дарахтлардан бошқа бойликларидан муҳимлари озиқ-овқат ресурслари, емхашак ресурслари (пичанзор, яйловлар)дир. Ўзбекистон ўрмонларининг муҳим экологик ва ҳимоя хусусиятига эга эканлиги ва ёғоч захирасининг камлиги (12 млн. м3) сабабли саноат асосида ёғоч кесиш ишлари олиб борилмайди. Ҳоз. да фармакология саноатида ишлаб чиқарилаётган тиббиёт препаратларининг 40% дан ошиқроғи ўрмон дарахтлари ва буталар пўстлоғи, барги, мевалари, турли ўтларнинг илдизидан тайёрланмоқда. Республикада 22 та ўрмон хўжалиги ва 8 та доривор ўсимликлар етиштиришга ихтисослашган хўжаликларда 15 турдан ортиқ шифобахш ўсимликлар (полпола, анзур пиёз, мойчечак, тотим, арслонқуйруқ, бўйимодарон ва бошқалар) экиб кўпайтирилади. Ҳар йили мазкур хўжаликларда 450—500 т дан зиёд доривор ўсимликлар хом ашёси тайёрлаб, истеъмолчиларга етказиб берилади. Кесилган ўрмонларга дарахтлар экиш, янги ўрмонзорлар барпо этиш Ўрмон ресурсларини қайта тиклашнинг самарали усули бўлиб, ўрмонларда улардан узоқ муддат самарали фойдаланишни таъминлайди. Ўрмонларнинг озиқ-овқат ресурсларига қўзиқорин, мевалар, ёнғоқлар, истеъмол қилинадиган ўтлар, илдизмевалар, ёввойи ҳайвонлар ва овланадиган қушлар, шунингдек, асалари маҳсулотлари, озуқабоп емхашак ресурсларига тайёрланадиган пичан, ҳар хил ўтлар, ҳайвонлар истеъмол қиладиган мевалар киради. Ўрмон асаларичиликкл ривожлантириш, турли ҳайвонлар ва қушларнинг яшаши, озиқланиши, кўпайиши учун қулай муҳитдир.
Абдушукур Хоназаров.