ЎРМОН ФОНДИ

ЎРМОН ФОНДИ — мамлакат ҳудудидаги жами ўрмонлар мажмуи. Ўзбекистонда ўрмонлар давлат мулки — умуммиллий бойлик бўлиб, давлат томонидан қўриқланади ва ягона давлат Ўрмон фонди деб аталади. Давлат Ўрмон фонди давлат аҳамиятига эга бўлган (давлат ўрмон хўжалиги органлари қарамоғидаги ўрмонлар) ҳамда бошқа идоралар ва юридик шахслар фойдаланадиган ўрмонларга бўлинади. Қ. х. учун мўлжалланган ерлардаги дарахтлар ва тўптўп дарахтлар, экинзорларнинг иҳота дарахтзорлари, шунингдек, бошқа дарахтзорлар ва буталар; темир йўл, автомобиль йўллари, каналлар ва бошқалар сув объектларининг ажратилган минтақаларидаги иҳота дарахтзорлари; шаҳарлар ва бошқалар аҳоли пунктларидаги тўптўп дарахтлар, шунингдек, кўкаламзорлаштириш учун экилган ўсимликлар; томорқалардаги ва боғ участкаларидаги дарахтлар ҳамда тўптўп дарахтлар давлат Ўрмон фонди таркибига кирмайди. Ўрмон билан қопланган ерлар, шунингдек, ўрмон билан қопланмаган, аммо ўрмон хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ерлар Ўрмон фонди ерлари деб аталади. Ўзбекистонда Ўрмон фонди тоғ ўрмонлари (тоғлар қияликларидаги арчазорлар, пистазорлар, ёнғоқзорлар ва бошқалардан ташкил топган ўрмонлар), қумли чўл ўрмонлари (саксовул, қандим, черкез ва бошқалар ўсадиган ҳамда қоракўлчиликда яйлов сифатида фойдаланиладиган чўллар), тўқай ўрмонл а р и (дарё ёқаларида, дарё оролларида ўсадиган туранғил, жийда, юлғун, чингил, шумтол ва бошқалар дарахтзорлар ва бутазорлар)дан ташкил топган. Ўзбекистонда Ўрмон фонди умумий ер майдони 8544,1 минг га ёки республика умумий ер майдонининг 20% ни ташкил қилади (2004). Ўрмон билан қопланган майдонлар (минг га) — 2391,4 шу жумладан, сунъий ўрмонлар 207,1, ёш ўрмонзорлар 152,9; сийрак ўрмонлар — 247,8; дарахтсиз, очиқ майдонлар — 285,3. Ўрмонларнинг халқ хўжалигидаги аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистондаги барча ўрмонлар 1гуруҳ ўрмонларига киритилган (2001). Ўрмон фондида алоҳида қимматга эга бўлган ўрмон мавзелари (минг га) — 86,7; давлат қўриқхона ўрмонлари — 226,8; давлат миллий табиат боғлари ўрмонлари — 24,1; илмий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган ўрмонлар — 12,4; эрозия ҳимоя ўрмонлари — 1135,1. Ў. ф. ерлари тоғ зонасида 1200,9 мингга ни, қумли чўллар зонасида 7190,8 минг га ни, дарё бўйидаги тўқайзорларда 88,8 минг га ни, водийларда 52,2 минг га ни ташкил этади. Ўрмон фонди асосан, чўл (83,3%) ва тоғ (15,7%) зоналарида жойлашган. Республика Ўрмон фондининг энг катта майдони Қорақалпоғистонда (54,8%), умумий майдонининг 20,8% эса Навоий вилоятида жойлашган.

Абдушукур Хоназаров.