ЎРМОН БОҒИ

ЎРМОН БОҒИ (парки) — шаҳарлар, саноат марказлари, саноат шаҳарчаларининг яшил зоналарида ободонлаштирилган ўрмон массиви. Йирик шаҳарлар, мамлакатлар пойтахтлари атрофларида Ўрмон боғилар тизими ўрмонлардан иборат иҳота ҳалқаларини ҳосил қилади. Ўрмон боғи манзарали жойларда барпо этилади, ҳудудни ободонлаштиради, ландшафтни бойитади, аҳолининг дам олишига хизмат қилади. Ўрмон боғи бир неча юздан 2—3 минг га ва ундан ортиқ майдонни эгаллаши мумкин. Ўрмон боғи барпо этишда табиий ландшафтни сақлаб қолишга, кўп йил яшайдиган, табиийиқлим шароитига яхши мослашган, манзарали ва ноёб дарахтбуталар экишга алоҳида эътибор берилади. Тошкент шаҳри яқинидаги Дендропарк, Каттақўрғон сув омбори атрофларида барпо этилган пистазорлар, Андижон шаҳридаги Боғишамол боғи Ўрмон боғи намуналари ҳисобланади.

Айрим ўрмончилик хўжаликларида тоғли ҳудудлардаги ўрмон массивларида ёввойи мевали дарахтларга қаламча ёки куртак пайванд усулида қимматли маданий мева навлари (олма, нок, гилос, олхўри ва бошқалар) уланиб ҳосил қилинган боғлар ҳам Ўрмон боғи дейилади. Бундай боғлар Чирчиқ ўрмон хўжалигида ташкил этилган.