ЎРИНДОШЛИК — асосий лавозим билан бир вактда бошқа маошли лавозимни эгаллаб туриш, шунингдек, асосий ишдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа ишни мунтазам бажариш. Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилигига кўра, Ўриндошлик бўйича ишга қабул қилиш меҳнат шартномаси тузиш ва ишга қабул қилиш ҳақида буйруқ чиқариш йўли билан расмийлаштирилади. Ўриндошлик бўйича ишга кираётган шахсдан у ишлаб турган корхона томонидан рухсат берилиши, меҳнат дафтарчаси талаб этилмайди, унинг ўрнига доимий иш жойидан маълумотнома тақдим этилиши лозим. Ходимнинг илтимоси билан унинг доимий иш жойида Ўриндошлик бўйича ишлаётгани ҳақида дафтарчасига ёзув киритилиши мумкин. Ўриндошлик бўйича ишлаётган шахс ўрнига доимий ходим ишга қабул қилиниши муносабати билан ишдан бўшатилиши мумкин (Ўзбекистон Республикасининг МК, 100-модда, 2-қисм, 5банд). Ўриндошлик бўйича ишлаётган шахснинг иш вақти 1 кунда 4 соатдан кўп бўлиши мумкин эмас (дам олиш кунлари тўлиқ иш куни). Ўриндошнинг иш вакти жами ойлик иш вақти нормасининг ярмидан кўпайиб кетишига йўл қўйилмайди. Фақат битта жойда Ўриндошлик асосида ишлаш мумкин. Ўриндошлик бўйича ишлаётган шахс умумий асосларда йиллик меҳнат таътилидан фойдаланади ва унга асосий иш жойидаги таътил билан бир вақтда таътил берилиши лозим. Таътил вақти учун ўриндош ходимнинг иш жойи (лавозими) ҳамда ўртача иш ҳақи сақланади. Бир пайтнинг ўзида икки раҳбарлик лавозимида Ўриндошлик бўйича ишлаш мумкин эмас. Ўриндош ходимга амалда бажарган иш ҳажмига кўра (агар ишбай ишласа) ёки ишлаган ва ишига мутаносиб ҳолда (вақтбай ишласа — 0,5 ставкадан кўп бўлмаган миқдорда) иш ҳақи тўланади. Корхонада белгиланган мукофот ва бошқалар устама ҳақлар жамоа шартномасида белгилаб қўйилгани бўйича ўриндош ходимга ҳам тўланиши, унга корхона ходимлари учун белгиланган бошқа имтиёзлар берилиши, кафолатли тўловлар тўланиши мумкин. Уларни хизмат сафарига юбориш келишувга кўра ва асосий иш жойидаги иш хусусиятлари ҳисобга олингани ҳолда амалга оширилади.
Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, санъат ва бошқалар айрим соҳа мутахассисларининг баъзи тоифаларига бир неча муассасада Ўриндошлик бўйича ишлашига рухсат этилади.
18 ёшга тўлмаган ходимларнинг Ўриндошлик бўйича ишлашига рухсат этилмайди. Шунингдек, ишининг хусусияти (интенсивлиги, хатарлилик даражаси ва бошқалар) ҳисобга олингани ҳолда айрим тоифа ходимларнинг Ўриндошлик бўйича ишлаши корхона иш берувчиси томонидан ходимлар вакиллик органи билан келишилган ҳолда чеклаб қўйилиши мумкин. Давлат хизматчиларининг айрим тоифалари (мас, прокуратура, давлат солиқ хизмати органлари ходимлари, судьялар, нотариуслар, банк бошқарувчилари ва бошқалар) учун Ўриндошлик бўйича ишлаш қонун ҳужжатлари билан тақиқланади.
Йўлдош Турсунов.