ЎРИНБОЙ

«ЎРИНБОЙ» — эртапишар тарвуз нави. Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий текшириш институти ва Тошкент давлат аграр ун-ти олимлари ҳамкорликда яратган (В. И. Зуее, Ў. Каримшоев, Р. Ғанихўжаева). Палаги ўртача, ён шохлари ва баргларининг сони ўртача. Барглари конуссимон, майин тукли. Меваси думалоқ, юзаси силлиқ. Туси оч яшил, сийрак тўқ яшил тасмалари бор, оғирлиги 2,0—2,5 кг. Пўсти қаттиқ, эти тўқ пушти рангда, серсув, ширали, нисбатан кам толали. Таркибида қуруқ модда миқдори 6,1%, қанд миқдори 5,2%. Ниҳоли униб чиққанидан кейин биринчи ҳосили 75—80 кунда пишади. Ҳосилдорлиги 230—250 ц/га. 1997 йилдан Ўзбекистоннинг барча вилоятларида экиш учун давлат реестрига киритилган.