ЎРИК ТУНЛАМИ

ЎРИК ТУНЛАМИ — ўрик дарахти зараркунандаси. Баъзан беҳини ҳам зарарлайди. Ўрта Осиёда, айниқса, Фарғона водийси ва Тожикистоннинг айрим туманларида тарқалган. Барги, гули ва меваларига зарар етказади. Ўрик тунлами қанотлари сариқпушти, орқа қанотлари оқимтир, кенг ҳошия ва унга параллел кўкимтир йўлчаси бор. Тухуми шарсимон, 1 мм, қурти яшил, 2,5 см. Ғумбаги 13—14 мм, қўнғир, пиллага ўралган. Ўрик тунлами тухумлик босқичида қишлайди. Қуртлари кўкламда барглар ёзилишидан сал олдин пайдо бўлади, асосан, тунда озикланади. Бир ойдан кейин ривожланишни тугаллаб, ерга тушади. Хазонлар тагида ёки тупроқ юза қаватида пилла ўрайди ва 2—3 ҳафта ўтгач, вояга етган капалаклар учиб чиқади. Айрим қуртлари девор ёриқлари, дарахтларнинг эски пўстлоқлари ёриқларида учрайди. 300—400 тагача тухум қўяди, тухуми лентасимон, йилда бир марта авлод беради.

Кураш чоралари: гуллашдан олдин ва гуллашдан кейин дарахтларга инсектицидлар (фозалон, золон, цитрофоснинг 0,2—0,3% ли эритмаси) билан ишлов берилади.