ЎРГИМЧАКСИМОНЛАР

ЎРГИМЧАКСИМОНЛАР — хелицералилар кенжа типига мансуб бўғимоёқлшар синфи. Уз. 0,1 мм дан 17 см гача. Оғиз органи сўрувчи. Кўзлари оддий. Бошкўкраги ингичка пояча орқали қорин билан туташган ёки унга қўшилиб кетган. Қориноёқлари редукцияга учраган ёки шаклан ўзгариб тароқсимон ўсимта, варақсимон ўпка ёки тўр безларини ҳосил қилади. Ўпка ёки трахеялар орқали нафас олади. Айириш органлари — мальпиги найчалари ва коксал безлар. Кўпчилик Ўргимчаксимонларда заҳар безлари бор. Айрим жинсли, тухум қўяди, айрим турлари (чаёнлар) тирик туғади. 60000 га яқин тури бор; каналар, чаёнлар, телифонлар, фринлар, тартаридлар, пальпиградлар, фицинулейлар, сохта чаёнлар, сольпугалар, пичанўрарлар, ўргимчаклар туркумларига бўлинади. Ўргимчаксимонлар кенг тарқалган, кўпчилиги қуруқликда яшайди; каналар ва ўргимчаклар орасида иккиламчи марта сувда яшашга ўтган турлари бор. Кўпчилиги йиртқич, ҳар хил умуртқасизлар билан озиқланади. Бир қанча турлари паразит (каналар) ва ўсимликхўр (ўргимчакканалар). Ўзбекистон ҳудудида каналар, чаёнлар, сольпугалар ва ўргимчакларнинг бир неча юз тури тарқалган.