ЎРАЗАЕВ Шавкат Закариевич

ЎРАЗАЕВ Шавкат Закариевич (1927. 1.8, Чекмагушев тумани, Бошқирдистон) — ҳуқуқшунос олим, Ўзбекистон ФА акад. (1989), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1977). Юридик фанлари д-ри (1962), проф. (1965). Тошкент юридик интини тугатган (1947). Ўзбекистон ФА иқтисод, фалсафа ва ҳуқуқ фанлари бўлими акад. котиби (1966 — 70). Ўзбекистон ФА Президиуми аъзоси (196670 ва 1989-93). Ўзбекистон Республикаси Конституциявий назорат комитети (1990—93), кейин эса Конституциявий суди раиси (1994). Тошкент юридик интининг ректори (1994—95). 1996 йилдан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясининг проф. Ўразаевнинг илмий ишлари давлат ва ҳуқуқ назарияси, Марказий Осиё ва Ўзбекистонда миллий давлатчиликнинг вужудга келиши ҳамда ривожланиши масалаларига бағишланган. Республикада юридик фанларининг ривожига ва юқори малакали ҳуқуқшунослар тайёрлашга муайян ҳисса қўшган. 1чақириқ Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати. Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (1995). Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1973).

Ас: Ҳокимият ва қонун, Т., 1992; Мустақил Ўзбекистоннинг Конституцияси, Т., 1994; Римское право, Т, 2000.