ЎРАТЕПА ЗИЛЗИЛАСИ

ЎРАТЕПА ЗИЛЗИЛАСИ — Туркистон тизмасининг шим. этагида 1897 йил 17 сентябр соат 15 яримларда содир бўлган. Унинг кучи Ўрта Осиёнинг катта қисмида сезилган. Ер қимирлаш марказида (Ўратепа яқинида) магнитудаси 6,6, кучи 8 баллга етган. Орадан 2 соат ўтгач, зилзила деярли шундай куч билан яна такрорланган. Зилзила зарбидан кўплаб қишлоқлар, айниқса, Ўратепанинг шим. ғарбидаги Увоқ, Ирганакли, Туркоман каби қишлоқлар вайронага айланди. Тоғ ён бағридаги жинслар уваланиб, катта ўпирилишлар ва кўчкиларни келтириб чиқарган. Ер юзасида 20—30 см ли ёриқлар пайдо бўлган. 7—8 балли эпицентр зонаси 600 км2 ҳудудни қамраб олган. Зилзила кучи Хўжанд, Қўқон, Жиззах, Самарқанд ва Тошкентда 6—7 балл, Бухоро, Туркистон, Авлиёота (Тароз), Қўқон, Андижон ва Марғилонда 5 балл билан сезилган. Олдинги зилзиладан шикаст кўрган бир қанча иморатлар такрорий зилзилада бутунлай бузилган. Айниқса, Самарқанддаги Регистон майдонида жойлашган Улуғбек мадрасасига катта зарар етган. Кейинги йилларда ТуркистонНурота тоғларида бир қанча зилзилалар қайд қилинган. Шулардан энг кучлиси 1898 йилда Зоминда 8 балли, 1923 йилда Ўратепада 7 балли ва 1955 йилда Жиззахда 6—7 балли ер қимирлашлар содир бўлган. Бу зилзилаларнинг сейсмотектоник шароитларини ўрганиш натижасида ТуркистонНурота зонаси ажратилди. Бу зона кучли ер қимирлашлар бўлиб турадиган жан. Фарғона сейсмоген зонасининг давомига жойлашган.