ЎҚУВ ЙЎЛИ

ЎҚУВ ЙЎЛИ (мусиқада) — туркумли асарларда, одатда, чолғу қисмлар (чолғу йўли)цан кейин навбатманавбат, ўзаро боғлиқ тарзда ижро этиладиган ашулалар ифодаси. Мас, Мискин номли туркумнинг 1-қисми чолғу куй, 2, 3, 4 (Адойи, Асирий, Чапандоз номли доира усулида ижро этиладиган) қисмлари Ўқув йўли, якуний қисми эса соқийнома усулидаги чолғу йўлларидан иборат.

Катта ҳажмдаги мумтоз мақом намуналари (Чоргоҳ, Сегоҳ, Дугоҳ, Фарғона Насруллоси, Баёт ва бошқалар)нинг кўпчилиги чолғу йўллари ҳамда Ўқув йўлидан ташкил топади. Уларнинг Ўқув йўли чолғу асар тарзида ҳам якка ва жўрнавозликда ижро этилиши мумкин. Булар асосида эса бастакорлар томонидан қатор бир қисмли ёки туркумли ашула намуналари (мас, И. Икромовнинг «Муножот» ашуласи, Ф. Мамадалиевнинг «Мискин», «Насруллойи» туркумлари) яратилган.