ЎҚУВ ЙИЛИ

ЎҚУВ ЙИЛИ — ўқув юртларида машғулот бошланишидан ёзги таътилгача бўлган давр. Ў. й. дастлаб таълимнинг синфдарс тизими жорий этилиши муносабати билан 16-аср охири — 17-аср бошларида Ғарбий Европа ва Украинада белгиланди. Бунгача болалар мактабларга ҳар хил вақтларда кириб ўқиганлар, машғулотлар йил бўйи, таътилсиз олиб борилган. Ўзбекистонда Ўқув йили 1 сентябрдан 20 июнгача давом этади (умумий ўрта таълим мактабларининг бошланғич синфлари учун 1 сентябрдан 25 майгача). Ўқув йили умумий ўрта таълим мактаблари учун 4 чорак, ўрта махсус ва олий ўқув юртлари учун 2 семестрдан иборат. Чорак ва семестрлар орасида ўқувчи ва талабаларга таътил берилади. Ўқув йилининг чорак ва семестрларга бўлиниши ўқувчи ҳамда талабаларнинг билим даражасини баҳолаш ва назорат қилиш имконини беради.