ЎҚУВ ФАНИ

ЎҚУВ ФАНИ — ўқув юртларида ўрганиш учун фан, техника, санъат, ишлаб чиқариш фаолияти ва бошқалар муайян соҳалардан танлаб олинган билим, малака ва кўникмалар тизими. Ўқув фанининг мазмуни шу Ўқув фани бўйича жорий этилган давлат таълим стандарти, ўқув дастури ва дарсликларда ўз аксини топади. Хусусан, ЎзРда умумий ўрта таълим мактаблари (1—9синфлар) учун 22 номда Ўқув фани жорий этилган. Урта махсус ва олий ўқув юртлари учун Ўқув фанининг сони мазкур ўқув юртларининг таълим йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, Ўқув фанининг таркиби, уни ўрганишдаги ўзаро алоқадорлик ва изчиллик ўқув режаси билан белгиланади. Мазмунига кўра, умумий таълим (умумилмий) ҳамда мутахассисни тайёрлашда касбини белгиловчи махсус Ўқув фанига ажралади. Ўқув фанининг сони, ҳажми тегишли вазирлик ва бошқалар марказий бошқарув органлари тавсиясига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.