ЎҚ-ЁЙ

«ЎҚ-ЁЙ» — заргарлик буюми; Хоразм аёлларининг бош кийимининг энса (гардон) қисмига мустаҳкамланадиган тақинчоғи. Тақятузи, осматузи ва яримтирноқ кабилар билан биргаликда ансамбль ҳосил қилади. Тақинчоқ шакли «ўқёй»ни эслатади (номи шундан). Тўғри тўртбурчакли тепа ва ёйсимон (камалак) шаклдаги қуйи қисмдан иборат. Тепа қисми атрофи феруза кўзлар билан ҳошияланиб, юзасига симкори усулида елпиғичсимон безаклар ишланади, баъзан безаксиз ҳам бўлади; унинг юқори қисми ўртасига укпар учун найча ишланиб, найчанинг остига ўқнинг учини эслатувчи учбурчак — тумор шакли осилади (у ҳам зийнатланган). Ёйсимон қуйи қисми юзаси 3 қатор феруза кўзлар қадаб безатилган, унинг қуйи қисмига маржон ҳамда япроқчалардан тузилган ҳашамдор шокилалар осилган. 19-аср охиридан урфдан қола бошлагач, кўкракка ҳам тақилган.