ЎПКАЛИ МОЛЛЮСКАЛАР

ЎПКАЛИ МОЛЛЮСКАЛАР — кориноёкли моллюскалар кенжа синфи. Чиғаноғининг бал. 0,6—2,0 мм. Айрим турлари чиғаноғи тешигининг атрофида тишсимон ўсимталари бор; оёғи чиғаноқ ичига тортилганида ўсимталар мантия четидаги юмшоқ тўқимага тегиб, ундан шилимшиқ суюқликни сиқиб чиқаради; суюқлик ҳавода қотиб, чиғаноқ тешигини бекитади ва моллюска танасини қуриб қолишдан сақлайди. Жабралари бўлмайди. Мантия бўшлиғи юзаси ўпка вазифасини бажаради. 2 туркуми (ўтроқкўзлилар ва поячали кўзлилар), 100 га яқин оиласи, 30000 дан ортиқ тури бор. Қуруқликда яшайди ёки иккиламчи тарзда сувда яшашга ўтған. Гермафродит, кўпчилиги сперматоморф ҳосил қилади; айрим турлари тирик туғади. Қуруқлик Ў. м. оҳак пўчоқ билан қопланган тухумларини пана жойга, сувдаги Ўпкали моллюскалар махсус капсулага ўралган тухумларини сув ўсимликлари ва тошларга ёпиштириб қўяди. Ўзгаришсиз ривожланади. Ўсимликхўр, баъзи турлари йиртқич. Чучук сувда яшовчи турлари баликлар озиғи, қуруқликдаги Ўпкали моллюскалар ўсимлик майсаларини еб, зиён келтиради. Кўпчилик турлари гельминтозларни тарқатади; айрим Ўпкали моллюскалар (ток шиллиқ қурти) истеъмол қилинади. Ўзбекистонда 100 дан ортиқ тури, жумладан, қуруқликда яшовчи шиллиқлар, сувларда чучук сув шиллиқлари тарқалган.