ЎҒУЗ ТИЛЛАРИ

ЎҒУЗ ТИЛЛАРИ — туркий тиллар оиласининг ўғуз гуруҳига мансуб бир қанча ўлик ҳамда ҳоз. истеъмолда бўлган жонли тиллар. Умуман, Ўғуз тиллари 3 та алоҳидаалоҳида гуруҳчаларга бўлинади: 1) ўғузтуркман гуруҳчасига 10—11-асрларда мавжуд бўлган ўлик ўғуз тили ҳамда ҳоз. туркман тили ва трухмен тили (Ставрополь туркманларининг тили) киради;

2) ўғузбулғор гуруҳчаси қадимий бижанаклар ва уларнинг тили ҳамда ҳоз. гагауз тили ва Болқондаги бир қанча туркий уруғлар (сурғуч, гажал, қараманли, қизилбош ва бошқалар) тилини ўз ичига олади;

3) ўғузсалжуқ гуруҳчаси эса қадимий салжуқ (11 —14-асрлар), эски усмонли (14—19-асрлар) ва эски озарбайжон (14—19-асрлар) сингари ўлик тилларни ҳамда ҳоз. озарбайжон тили ва турк тилини, шунингдек, қримтатар тилининг жан. лаҳжасини қамраб олади.

Ҳоз. Ўғуз тиллари Орол-Каспий бўйларидан Болқон ярим оролигача бўлган улкан ҳудудда тарқалган. Ўғуз тиллари ва айрим тилларнинг ўғуз лаҳжаларида сўзлашувчиларнинг сони ҳоз. кунда 77— 78 млн. кишидан ортиқроқ (ўтган асрнинг охирлари). Ўғуз тилларининг барчаси учун хос бўлган тил хусусиятлари, асосан, фонетика соҳасида бўлиб, бунга сўз бошидаги т, к, қ ундошларининг жаранглилашуви (кўз > гёз, тил > дил, келмак > галмак), сўз бошидаги баъзи ундошларнинг тушиб қолиши (бўлмоқ > ўлмак, ҳўкиз > ўкуз), баъзи аффикслар бошидаги г, ғ ундошларининг тушиб қолиши (келган > галан, олган > алан) ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Ўғуз тиллари бошқа гуруҳдаги туркий тиллардан, мас, қипчоқ тилларидан лексика соҳасида ҳам анчамунча фарқланади.

Ўғуз тилларининг барчаси 20-асрнинг 30-й. ларигача араб графикаси асосидаги ёзувдан фойдаланган, 1928—29 йиллардан лотин графикаси асосидаги ёзувга ўтган; СССРда яшовчи озарбайжон ва туркманлар 1940—92 йилларда рус графикасидан фойдаланиб, кейин яна лотин графикаси асосидаги ёзувни жорий этганлар. Болқондаги айрим майда туркий тиллар юнон алифбоси асосидаги ёзувдан, Эрон ва Афғонистонда яшовчилар эса араб графикаси асосидаги ёзувдан фойдаланадилар.