ЎЧОҚ

ЎЧОҚ — олов ёқиш, уни сақлаш ва овқат пишириш учун мўлжалланган, устига қозон ўрнатиладиган уч томони ёпиқ қурилма. Археологик маълумотларга кўра, Ўчоқ илк палеолит давридан маълум. Ўчоқ турли урф-одатлар, маросимларни ўтказишда катта аҳамиятга эга бўлган. Барча халқларда муқаддас жой ҳисобланган. Қуйи палеолитда тошдан, сўнгра гувала, ғиштдан ясалиб, сомонли лой билан сувалган, атрофларига тутун тортадиган ва ҳаво кирадиган тешиклар қилинган. Ўчоқнинг айрим турлари ертандир каби қурилиб овқат пишириш билан бирга нон ёпишда ҳам фойдаланилган. Ўчоқнинг такомиллашган тури деворга тақаб жойлаштирилади, тутуни мўрикон орқали чиқариб юборилади.

Ҳоз. даврда Ўчоқнинг ерўчоқ, лой ва темир Ў. турлари бор. Сумалак, ҳалим, катта маърака ошлари пиширишда айланаси дошқозон гардишига мос махсус ерўчоқлар (ер бараварида, қозон атрофлари аланга чиқмайдиган қилиб тупроқ билан зичланади ёки сувалади) кавланади, кундалик ошовқат тайёрлаш учун хонадонлар ошхоналарида лой ўчоқлар қурилади, темир Ўчоқлар аксарият кўчма Ў. вазифасини бажаради. Шаҳар ва қишлоқларда, асосан, ўтиндан ёқилғи сифатида фойдаланадиган хонадонларда Ўчоқлар сақланиб қолган, темир Ўчоқда ўтин ва табиий газдан фойдаланилади.