ЖУВАЙНИЙ

ЖУВАЙНИЙ, Хожа Шамсуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Жувайний (? — 1284) — Хулокуийлар давлати арбоби. Тарихчи Алоуддин Жувайнийнинг биродари. Хулокуийлар (элхонлар,)дан Ҳулоку (1256—82) ҳукмронлиги даврида қарийб 30 йил соҳиби девон (вазир) бўлган. Аҳмад билан шаҳзода Арғун (1284—91 й. ларда ҳукмдорлик қилган) ўртасидаги тахт учун курашда Арғун енгиб чиққач, Жувайний ва унинг тўрт ўғли Табризда қатл қилинган.

Жувайний раиятпарвар, ҳалол киши бўлиб, халқ ва давлат равнақига катта ҳисса қўшган. У ўзи олим, адиб ва шоир бўлиш б-н бирга илм ва санъат аҳли ҳомийси эди. Мантиққа оид «Шамсиййа» номли рисола унинг қаламига мансуб бўлиб, Саъдий ўзининг «Соҳибиййа» номли ҳикматли туркум шеърларида Жувайний ва унинг фаолиятини назарда тутган.