ЖАББОРОВ

ЖАББОРОВ Илҳом (1945.30.6, Ўрта Чирчиқ тумани) — ҳайкалтарош, Ўзбекистон БА нинг акад. (1997), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1989). Республика рассомлик билим юрти (1965) ва Тошкент театр ва рассомлик санъати ин-ти (1971)ни тугатган. 1995 й. дан Республика рассомлик коллежида ўқитувчи. 1997 й. дан Миллий рассомлик ва дизайн ин-тида ҳайкалтарошлик устахонаси раҳбари, проф. Жабборов асарларида анъанавий реалистик ҳайкалтарошлик услубига хос хусусиятлар миллий мавзу ва таъсирчан образларни ифодалашда ўз аксини топган. Дастгохли ва маҳобатли асарлари (портрет, тарихий шахслар қиёфаси акс эттирилган) умумлашма ва рамзийлик йўлида яратилган. «Хаёл» (ёғоч, 1974), «Машраб» (ёғоч, 1974), «Оқшом» (ёғоч, шамот, 1980), «Дам олиш» (шамот, 1982), «Фалакнинг гардиши» (шамот, 1983), «1941—45 йиллар» триптихи (шамот, 1985) ва б. Тошкентдаги Фурқат (бронза, гранит, 1982; меъмори С. Сутягин), Ургутдаги Навоий (мис, 1985), Намангандаги Машраб (мис, 1988), Тошкент (1992), Самарканд (1997) ва Шаҳрисабз (1997) даги Амир Темур ҳайкаллари (бронза; меъмори Ф. Ашрафий), Фарғонадаги АлФарғоний (бронза, 1998), Тошкентдаги «Она» (бронза, 1999), Урганчдаги Жалолиддин Мангуберди (2000) ҳайкаллари Жабборовнинг маҳобатли асарларидан. «Меҳнат Шуҳрати» ордени билан мукофотланган (2001).