ЖАББОРОВА Дилафрўз Абдураҳимовна

ЖАББОРОВА Дилафрўз Абдураҳимовна (1950.5.7, Тошкент) — раққоса. Ўзбекистон халқ артисти (1984). Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабининг халқ рақслари бўлимини (1967), Тошкент давлат маданият ин-тининг хореография бўлимини (1983) тугатган. «Шодлик» ашула ва рақс ансамблида (1967—78), Навоий театрида (1978—82), «Ўзбекконцерт» бирлашмасида (1982—86), 1986 й. дан М. Қориёқубов номидаги Ўзбек давлат филармония гастроль-концерт бирлашмасида яккахон раққоса. 1990 — 2001 й. лар «Шодлик» (1996 й. дан «Ўзбекистон») ашула ва раке ансамблининг бадиий раҳбари. Ижросидаги рақслар шўхчанлиги, жўшқин ҳаракатларга бой ва ифодавийлиги, аёл қалбидаги ишқ, дарду алам, қувончларни нозик ишваларда ифода этувчи чиройли хироми билан ажралиб туради. Энг яхши рақслари: «Дил куйласин», «Гулруҳ», «Дарёи азим», «Сурнай лазгиси», «Ноз этар», «Ўсма қўйибди қошига», «Раққоса», «Танавор», «Уйнасангиз», «Муножат» ва б. «Кармен» (Ж. Бизе) операсида Фарандоу партиясини ижро этган. Репертуаридан ҳинд, чили, уйғур, рус, эрон, турк, афғон, лўли ва б. Халқлар рақслари ўрин олган. АҚШ, Австралия, Бельгия, Вьетнам, Германия, Сурия, Ғарбий Берлин ва б. мамлакатларда гастролда бўлган. Жабборова ижодига бағишланган «Дилафрўз Жабборова рақсга тушади» телефильми суратга олинган (1984).