ЖАБАРИЙЛАР

ЖАБАРИЙЛАР (араб, «жабр» сўзидан — зўрлик ишлатиш, мажбур қилиш маъносида) — 7-а. охири — 8-а. бошида ислом илоҳиётида пайдо бўлган оқимлардан бири. Жабарийлар инсон такдирини худо мутлақ олдиндан белгилаб қўйган, ҳеч қандай ирода ва фаолият эркинлиги йўқ, булар фақат худода мавжуд, инсон эса ана шу фаолиятни ўзлаштириб олиш имкониятига эга, деган ақидаларни илгари сурганлар. Ирода эркинлиги тарафдори бўлган қадарийларга қарши бўлганлар. Муҳаммад (сав) нинг пайғамбарлигини, халифалар ҳукмронлигини илоҳий ва қонуний деб асослашда, жаҳон урушларида мусулмон жангчисининг ўлимини тақдир билан боғлаб мутаассибликни кучайтиришда Жабарийлар таълимотининг аҳамияти катта бўлган. Шунинг учун Жабарийларни ҳокимият тепасида турган умавийлар қўллаб-қувватлаб, уларга қарши бўлган диний фирқа ва сиёсий гуруҳларни таъқиб остига олганлар.