ЖАББОРОВ

ЖАББОРОВ Комилжон (1914, Андижон — 1975.4.9, Тошкент) — созанда (гижжак, дутор, танбур), бастакор. Ўзбекистон халқ артисти (1973). Созандаликни Р. Исабоев, С. Сиддиқовдан, бастакорликни Т. Жалиловдан ўрганган. Андижон миллий мусиқа тўгарагида қатнашган (1924—30). Ҳамза номидаги Тошкент (1930—31), Андижон (1931 — 42) ва Янгийўл (1942—47) театрларида, Ўзбекистон радиоси ўзбек халқ чолғу асбоблари оркестри (1947—75) да созанда. «Дугоҳи Ҳусайний», «Ироқ», «Наво» ва б. куйларни ғижжакда, «Нолиш», «Нимчўпоний», «Курд» ва б. асарларни дуторда, «Самарқанд Ушшоғи», «Гулёр» ва «Шаҳноз»дек ашула йўлларини танбурда катта маҳорат билан ижро этган. «Гулсара» (К. Яшин, 1936), «Лайли ва Мажнун» (Хуршид, Н. Салахов б-н биргаликда, 1938) спектаклларини мусиқалаштиришда қатнашган ҳамда «Ғулжа устида нур» (С. Тилла, А. Исматулла, 1950, П. Раҳимов билан ҳамкорликда), «Нодира» (Ҳ. Раззоқов, 1962, С. Ҳайитбоев б-н), «Менинг Жаннатим» (С. Абдулла, 1971, Д. Зокиров б-н) мусикали драмаларини яратган. 100 дан ортиқ — «Диёримсан», «Наззора қил», «Мубтало бўлдим сенга», «Эй, пари», «Сенга», «Тошкент пиёласи», «Шифокорлар», «Обод ўлкам» каби ашула, қўшиқ ва қатор чолғу куйлар муаллифи. Буларнинг сўнгги учтаси кўп йиллар давомида Узтелерадиосининг туркум дастурларининг бошлангич садолари эди. Умрининг охирида «Чўлпонойнинг алласи», «Чоргоҳ», «Машъал», «Зебуннисо» сингари телепостановкаларнинг мусиқасини яратган. Жабборов ижодий услуби тез ёдда қолувчи жозибали оҳангларга бойлиги, анъанавий пешрав, ашула ва қўшиқ шаклларининг эркин уйғунлашишига асосланган.

Ад.: Ғофурбекова X., Бастакор Комилжон Жабборов [Мусиқа ижодиёти масалала-ри], Т., 1997.