ЖЎЙБОР ХОЖАЛАРИ

ЖЎЙБОР ХОЖАЛАРИ, жўйбор шайхлари — нақшбандийлик тариқатининг вакиллари. Уларнинг Жўйбор хожалари номини олиши Хожа Муҳаммад Исломнинг бобоси Хожа Муқаммад Яҳё Бухородаги Жўйбор деган ерга кўчиб келиши б-н боғлиқдир. Жўйбор хожалари ўзларини ислом динини тарғиб қилиш учун Маккадан Нишопурга, ундан Бухорога келган Имом Али Муртазо авлоди деб ҳисоблаганлар. Жўйбор хожаларидан Абу Бакр Саъдга ва унинг авлодларига сомонийлар даврида Бухоронинг шайх ул-исломи деган мансаб берилади. Абу Бакр Саъднинг невараси Муҳаммад Ислом Жўйбор хожаларининг иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан катта нуфузга эга бўлишида асосий роль ўйнайди. У 16-а. нинг 50-й. ларида Шайбонийлар давлатидаги тож-тахт учун бўлган курашларга аралашиб, ўз муриди Абдуллахон II нинг тахтга чиқишига ёрдам беради. Бу даврга келиб Жўйбор хожаларига Бухородаги Сумитон қишлоғи инъом этилади. Жўйбор хожаларининг ота-боболари Бухородаги Чор Бакр мозорига қўйилганлиги учун 16-а. дан бошлаб Жўйбор хожалари бу жойдаги қабрлар устига ҳашаматли мақбара қуриб, зиёратгоҳга айлантиришган (қ. Чорбакр ансамбли). Бу зиёратгоҳлар катта вақф ерларига эга бўлиб, уларга Жўйбор хожалари меросхўрлар тариқасида эгалик қилишган ва бу ерлар Жўйбор хожалари хўжалигининг ривожланишига асос бўлиб хизмат қилган. Катта лавозим, вақф даромадлари ва б. туфайли Жўйбор хожалари тез орада бойиб кетадилар. Жўйбор хожалари катта ер-мулкка, юзлаб қулларга, кўплаб чорва молларига, суғориш иншоотларига, савдо корхоналарига эга бўлганлар. Уларнинг савдо карвонлари 16-а. нинг 2-ярмидаёқ хориж билан савдо алоқалари олиб борган. Мустаҳкам иқтисодий пойдеворга эга бўлган Жўйбор хожалари шайбонийлар давлатининг сиёсий ҳаётида жуда катта роль ўйнаган. Инглиз сайёҳи А. Женкинсон 1559 й. да Бухорода бўлиб, бу ердаги руҳонийларнинг раҳбарлари бўлган Жўйбор хожалари ҳақида шундай деган эди: «Бухорода диний раҳбар бор. Унга қиролга нисбатан кўпроқ қулоқ соладилар, у ўз хоҳиши билан қиролни ўрнидан олиб, бошқасини қўя олади». Ж. х., 17-а. нинг 1-ярмида мамлакатда пайдо бўлган қийин сиёсий вазиятдан сўнг ўзларининг олдинги мавқеини йўқотганлар.

Ад.: Ҳофиз Таниш ал-Бухорий, Абдулланома, 1-ж. Т., 1999; Вяткин В. В., Шейхи Джуйбари, «В. В. Бартольду туркестанские друзья, ученики и почитатели» китобида, Т., 1927.