ЖМАКИН Валентин Иванович

ЖМАКИН Валентин Иванович (1928.5.3, Горький вилояти) — рассом, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1964). П. Беньков номидаги Республика рассомлик билим юрти (1944— 48), Москва амалий безак санъати ин-ти (1948—52) ва Бадиий саноат олий ўқув юрти (1952—54)да таълим олган. Жмакин асарлари ўзбек халқи ҳаётидаги муҳим воқеаларни акс эттиргани билан диққатга сазовор, уларда образлар ёрқин бўёқларда, жонли ифодаланган. «Паранжи ташлаган аёл» (1957), «Ангрен ГРЭС қурилиши» (1958), «Индустриал Ўзбекистoн» триптихи (ҳамкорликда, 1957—60), «Ҳамза» (1960), «Ҳовли» (1970), «Эшелонлар» (1985) ва б. картиналар, шунингдек, Тошкентдаги жамоат биноларига ишланган намоёнлар ва маҳобатли безак санъатига оид асарлар муаллифи.