ЖИНС ҲОСИЛ ҚИЛУВЧИ МИНЕРАЛЛАР

ЖИНС ҲОСИЛ ҚИЛУВЧИ МИНЕРАЛЛАР — тоғ жинслари таркибига доимий асосий компонент сифатида кирувчи минераллар. Силикатлар энг кўп тарқалган (Ер пусти массасининг қарийб 75% ини ташкил этади). Минералларнинг хиллари 3000 дан зиёд бўлишига қарамай фақат 100 дан ортиқроғи Жинс ҳосил қилувчи минераллар, улардан 60 тачаси энг кўп тарқалган. Жинс ҳосил қилувчи минераллар асосий, иккинчи даражали ва акцессор минералларга бўлинади. Асосий минераллар яхши ўрганилган, улар тоғ жинсларининг номини аниқлашда муҳим омил ҳисобланади. Иккинчи даражалиларининг борлиги ёки йўқлиги тоғ жинсининг номини аниқлашга таъсир этмайди. Ҳар қайси тоғ жинси гуруҳи ўзига хос минералларга эга. Магматик тоғ жинслари учун дала шпатлари, кварц, слюдалар, пироксенлар, оливинлар; чўкинди тоғ жинслари учун гипс, ангидрит, гидрослюдалар, галит, каолинит, галлуазит, кальций ва б. ; метаморфик тоғ жинсларига кианит, андалузит, силлиманит, глаукофан ва б. характерли. Магматик ва метаморфик тоғ жинсларидаги Жинс ҳосил қилувчи минераллар уларнинг қосил бўлиш шароитини билишда муҳим ҳисобланади. Бир хил тоғ жинслари учун асосий ҳисобланган минераллар бошқа тоғ жинсларида иккинчи даражали ролни ўташи мумкин. Жинс ҳосил қилувчи минераллар тоғ жинсларининг физик хоссаларини белгилайди. Шунинг учун ҳам Жинс ҳосил қилувчи минералларни ўрганиш илмий (айниқса геофизик тадқиқотларда) ва амалий аҳамиятга эгадир.