ЖИНОЯТ ПРОЦЕССУАЛ КОДЕКСИ

ЖИНОЯТ ПРОЦЕССУАЛ КОДЕКСИ (ЖПК) — жиноят иши юзасидан тергов қилиш ва ишни судда кўриш тартибини белгилайдиган qoнунларнинг муайян тизимга солинган мажмуи. ЖПК суриштирув, дастлабки тергов органлари, прокурор ва суднинг жиноят ишини қўзғатишдан бошлаб, судда кўрилиб ҳал қилингунгача бўлган фаолиятини, тергов, суд ҳаракатларини ўтказиш, далил йиғиш, процессуал мухлатлар, жиноят ишини қўзғатиш, рад этиш, уни тугатиш ва тўхтатиш, айбдорни судга беришни, шунингдек, ишни апелляция, кассация, назорат тартибида ва янги очилган ҳолатлар бўйича қайтадан кўришни хамда ҳукм ижросига оид масалаларни тартибга солади. Ўзбекистон Республикаси ЖПК 1994 й. 22 сент. да қабул қилинган. Унда жиноят ишини текширишда фуқароларнинг, жамоатчилик, корхона, муассаса ва ташкилот вакилларининг қатнашуви ва процессуал ҳуқуқлари ҳам баён қилинган. ЖПК нормалари жиноятни тез ва тўла очиш, ҳақиқатни аниқлаш, айбдорни одилона жазолаш учун хизмат қилади. Кодекснинг охирги боблари алоҳида тартибда юргизиладиган, жумладан вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ва тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларга бағишланган.