ЖИНОЯТ ҲУҚУҚИ — ҳуқуқ тизимининг бир тармоғи; олий давлат ҳокимияти органи томонидан ўрнатилган, қонун билан қўриқланадиган, ижтимоий муносабатлар учун хавфли бўлган тажовузларнинг жиноят эканлиги ва жазога лойиқлигини, жазо чоралари тайинлаш шартлари ва тартибини ҳамда жиноий жавобгарликдан ва жазодан озод қилишни белгилайдиган ҳуқуқий меъёрлар йиғиндиси. ЎзРда Жиноят ҳуқуқининг асосий манбаи Ўзбекистoн Республикасининг Конституцияси ва жиноят қонунидир. Жиноят ҳуқуқи жиноят қонунининг амалда татбиқ қилинишидан келиб чиқадиган муносабатларни ўрганади, жиноий жавобгарлик асослари ва тамойилларини белгилайди. Жиноят ҳуқуқининг вазифалари шахcни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини, мулкни, табиий муxитни, тинчликни, инсоният хавфсизлигини жиноии тажовузлардан қўриқлаш, шунингдек, жиноятларнинг олдини олишдан, фуқароларни Конституция ва қонунларга риоя қилиш руxида тарбиялашдан иборат. Жиноят ҳуқуқи давр талабидан келиб чиққан ҳолда қонунийлик, фуқароларнинг қонун олдидаги тенглиги, демократизм, инсонпарварлик, одиллик, айб учун жавобгарлик, жавобгарликнинг муқаррарлиги қоидаларига асосланади. Жиноят ҳуқуқи 2 қисмдан иборат. Булар: Умумий қисм ва Махсус қисм. Умумий қисм Жиноят ҳуқуқининг вазифалари ва тамойилларини амалда қўлланиш доираси, жавобгарликнинг асослари, жазо турлари ва уларни тайинлаш, жавобгарликдан ва жазодан озод қилиш, вояга етмаганлар жавобгарлиги ва тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари тўғрисидаги масалаларни ўз ичига олади. Махсус қисм эса алоҳида жиноятлар ва шу жиноятлар учун тайинланадиган жазоларни ўз ичига олади.
Жиноят ҳуқуқи фани жиноят qoнунчилигининг ижтимоий вазифалари ва ижтимоий самарадорлигини, ривожланиш тамойиллари ва муаммоларини хам ўрганади.