ЖИЛОНБУЗГАН ДЕВОРЛАРИ

ЖИЛОНБУЗГАН ДЕВОРЛАРИ — Оҳангарон водийсини жан.-шарқий томондан ураган қад. мудофаа деворлари. Ж. д. Чатқол тоғларидан бошланиб, Оҳангарон дарёсининг ўнг ва чап соҳилларидаги қад. суғорилган ерларни ўз ичига олган ҳолда Сирдарёнинг ўнг қирғоғига келиб тақалади ва Сирдарёнинг чап қирғоқ томонида ҳам давом этади. Жилонбузган деворлари Марказий Осиёда араблар ҳукмронлиги даврида (8—9-а. лар) Оҳангарон водийсидаги обод ерларни кўчманчиларнинг ҳужумларидан мудофаа қилиш учун барпо этилган. Жилонбузган деворларини 1957, 1959, 1967 й. ларда археолог X. Муҳамедов текширган.

Жилонбузган деворлари бир-бирига параллел ҳолда 2—3 қатор пахса девор уриб, уларнинг оралигидаги махсус қолдирилган бўшлиқ лой (лўмбоз) ва тупроқ билан тулдирилган. Шу сабабли Жилонбузган деворларининг харобалари бирбирига параллел икки-уч қатор сунъий марзалар (кенглиги 35—45 м ва бал. 2—3 м) ҳолида сақланган.

Ад.: Муҳамедов X., Ўзбекистоннинг қадимий мудофаа иншоотлари тарихидан, Т., 1961.