ЖИГАР ЦИРРОЗИ

ЖИГАР ЦИРРОЗИ — жигарнинг сурункали ривожланиб борадиган касаллиги; бунда жигар тўқимаси яллиғланиб, унинг бир қисми бириктирувчи тўқима б-н алмашинади. Жигарнинг ўткир яллиғланиши — гепатитда, унинг В, С, D шаклларида, ўткир гепатит сурункали гепатитга айланаётганда, безгак, сил, захм, бруцеллёз каби юқумли касалликларда, ўт пуфаги ва ўт йўлларининг сурункали яллиғланишида, турли кимёвий моддалардан мунтазам заҳарланишда, шунингдек, алкоголизмда ва б. сабабларга кўра пайдо бўлади. Жигар циррози — секин ривожланадиган сурункали касаллик. Ж. ц. турлича намоён бўлади ва у хасталикнинг қайси шаклида кечиши ҳамда даврига боғлиқ; текширганда жигарнинг қаттиқлашгани ва функциясининг бузилганлигига қарамай, киши узоқ вақт ҳеч қандай хасталик аломатини сезмай юриши мумкин. Касаллик зўрайганда бемор дармонсизланади, озиб кетади, иштаҳадан қолади, кекиради, кўнгли айнийди, баъзан қусади, ичи кетади ёки қотади, қорни дам бўлади, т-раси кўтарилади, қорин бўшлиғида суюқлик тўпланиши натижасида у кўтарилади (истисқо), бурни қонайди, бадани қичишади, баъзан сарғаяди; камқонлик авжига чиқади; жигари ва айниқса талоғи катталашади ва қаттиқлашади.

Давони врач тайинлайди. Жигар циррози узоқ вақт даволанади, касаллик зўрайганда беморни дарҳол касалхонага ётқизиш керак. Парҳезга қатъий риоя қилишнинг аҳамияти катта. Беморга, асосан, енгил ҳазм бўладиган, қанд, оқсил ва витаминлар (айниқса, С витамин ва В группа)га бой сутли ва ўсимлик овқатлар берилади. Творог (осон ҳазм бўладиган оқсилларга эга), ёғсиз гўшт, балиқ, шунингдек, озгина сариёғ билан қаймоқ ёки сметана истеъмол қилиш мумкин; спиртли ичимликлар ичиш қатьий тақиқланади. Жигар циррозининг авж олишига йўл қўймайдиган дорилар буюрилади. Жигар циррозини даволашда аввало унга сабаб бўладиган омилларни бартараф этиш муҳим. Жигар циррозига олиб келган инфекция аниқланса, уни тугатиш чоралари кўрилади. Жигар циррозининг олдини олиш учун меҳнат ва турмуш шароитини соғломлаштириш, алкоголизмга қарши кураш олиб бориш керак.

Ад.: Подимова С. Д., Болезни печени, М., 1990.

Эркин Қосимов.