ЖАНГОВАР ТРЕВОГА — қўшинларни қисқа муддатда жанговар ҳолатга келтириш. Жанговар тревога катта бошлиқ кўрсатмасига биноан оғзаки, алоқа воситалари, белгиланган шартли сигналлар ёрдамида ва буйруқ бериш йўли билан эълон қилинади. Жанговар тревога умумий ва қисман бўлиши мумкин: агар маълум гарнизоннинг барча қўшинларини жанговар шайлик ҳолатига келтирса — умумий, айрим бўлинмаларгагина тааллуқли бўлса — қисман дейилади. Жанговар тревога сигнали берилиши билан қўшин жуда қисқа муддатда йиғилиб, жанговар (ўт очиш, старт олиш) ҳолатини эгаллайди. Жанговар тревога бўйича қўшинларга хабар бериш, уларни тўплаш ва жанговар ҳаракат бошлаш, одатда, яширинча амалга оширилади.