ЖАМОАТ ИШЛАРИ — ташкилотлар, хўжаликлар ва муассасаларда юқори малака талаб қилмайдиган ва мавсумий, вақтинчалик, ҳақ тўланадиган ишлар; бозор иқтисодиёти мамлакатларида ишсизларни тезкор тарзда ҳақ тўланадиган иш билан таъминлаш усулларидан бири. Жамоат ишлари мавсумий, ҳудудий ёки аҳолининг алоҳида тоифаларини қамраб олган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ташкил этилади. Жамоат ишлари аксарият ҳолларда вақт жиҳатдан қисқа муддат давом этиб, алоҳида ихтисосликни талаб этмайди. Одатда, Жамоат ишларини кўпроқ жисмоний меҳнат талаб қилувчи ишлар (қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, майда ирригация ишларини бажариш, арзон мактаб ва уй-жойлар қуриш, ўрмончилик, шаҳарлардаги ободончилик ишлари ва б.) ва ижтимоий тавсифга эга ишлар (мае, ногиронлар, беморлар, етим болаларга қараш ва б. хизматлар) га ажратилади.
Дастлаб Жамоат ишлари махсус умуммиллий дастурлар асосида 20-а. нинг 30-й. ларда АҚШда ташкил қилинган. Ҳоз. жаҳоннинг аксарият ривожланган мамлакатларида Жамоат ишларига ёшларни жалб қилиш анъанаси мавжуд (мае, Францияда 1984 й. дан 16—21 ёшдаги ўқишни ташлаган ишсизларни Жамоат ишларига жалб қилиш дастури жорий қилинган, Англияда эса ишcизлик даври узоқ, чўзилган ишсизлар учун шундай дастур амал қилади).
Ўзбекистонда Жамоат ишларини ташкил қилиш Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида» қонуни (1992 й.) қабул қилиниши билан аҳолини иш билан таъминлашнинг чора-тадбири сифатида амалга оширила бошланди. Ўзбекистонда давлат ҳокимияти органлари Жамоат ишларини меҳнат органларининг таклифи ва бевосита иштироки билан ўз мулкидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда ҳамда шартномалар асосида турли мулкчилик шаклидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда ташкил этади. Меҳнат органларида рўйхатга олинган ва ишcиз деб эътироф қилинган фуқаролар икки ойгача узайтириш ҳуқуқи билан муддатли шартномалар асосида Жамоат ишларида иштирок этишлари мумкин. Уларга тўланадиган иш ҳақи бажарилаётган ишга қараб, лекин 15% оширилган ишcизлик нафақасидан кам бўлмаслиги, иш даврининг меҳнат стажига қўшилиши, пенсия таъминоти ва вақтинча ишга лаёқатсизлик юзасидан нафақалар олиш ҳуқуқи кафолатланади.
Ўзбекистонда Жамоат ишларига жалб қилинган фуқароларга тўланадиган иш ҳақининг камида 50% корхона, ташкилот ва муассасалар маблағлари ҳисобидан, қолган қисми эса маҳаллий бюджетлар ёки аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашувчи Давлат жамғармаси ҳисобидан қопланади.
Фазлиддин Мамарасулов.