ЖАМОА ШАРТНОМАСИ

ЖАМОА ШАРТНОМАСИ — корхонада иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ва касбга оид муносабатларни тартибга соладиган меъёрий ҳужжат. Иш берувчи билан Жамоа шартномаси тузиш зарурлиги тўғрисидаги қарор қабул қилиш ҳуқуқига касаба уюшмаси (ўз вакиллик органи opqали), ходимлар ваколат берган бошқа вакиллик органи ёки бевосита меҳнат жамоаси умумий йиғилиши (конференцияси) эга. Жамоа шартномаси корхоналарда, уларнинг юридик шахе ҳуқуқи берилган таркибий бўлинмаларида бир тарафдан — касаба уюшмалари ва ходимлар томонидан юқоридаги вакиллик органлари орқали, 2-тарафдан — бевосита иш берувчи ёки у ваколат берган вакиллар ўртасида тузилади. Унинг мазмуни ва тузилишини тарафлар белгилайди. Жамоа шартномасига иш берувчи ва ходимларнинг қуйидаги масалалар бўйича ўзаро мажбуриятлари киритилиши мумкин: меҳнатга ҳақ тўлаш шакли, тизими ва миқдори, пул мукофотлари, нафақалар, компенсациялар, қўшимча тўловлар; нархлар ўзгариб боришига, инфляция даражасига, Жамоа шартномасида белгиланган кўрсаткичлар бажарилишига қараб меҳнатга ҳақ тўлашни тартибга солиш механизми; ходимларни иш билан таъминлаш, қайта ўқитиш, ишдан бўшатиш шартлари; иш вақти ва дам олиш вақти, меҳнат таътилларининг муддатлари; ходимлар, жумладан, аёллар ва 18 ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнат шароити ва меҳнат муҳофазасини яхшилаш, экология жиҳатидан хавфсизликни таъминлаш; корхонани ва идорага қарашли турар жойни хусусийлаштириш вақтида ходимларнинг манфаатларига риоя қилиш; ишлаб туриб ўқийдиган ходимларнинг имтиёзлари; ихтиёрий ва мажбурий тарздаги тиббий ҳамда ижтимоий суғурта ва ҳ. к. Ж. ш. лойиҳаси корхона бўлинмаларида ходимлар томонидан муҳокама қилиниб, фикр ва таклифлари хисобга олинган ҳолда такомилга етказилади ва меҳнат жамоаси умумий йиғилиши (конференцияси)да муҳокамага қўйилади. Жамоа шартномаси умумий йиғилиш (конференция)да маъқуллангандан кейин тарафларнинг вакиллари томонидан уч кун ичида имзоланади ва имзо чекилган вақтдан эътиборан ёки Жамоа шартномасида кўрсатилган кундан бошлаб кучга киради ҳамда тарафлар белгилаган муддат давомида амал қилади. Жамоа шартномасига оид қонун-қоидалар ЎзР Меҳнат кодексида белгилаб берилган (35—46-моддалар).