ЖАЛИЛОВА

ЖАЛИЛОВА Эътибор (1924.15.3, Андижон — 1983.22.6, Тошкент) — Ўзбекистон халқ артисти (1964). Москва консерваторияси қошида очилган ўзбек опера студиясида (1940—41), Тошкент консерваториясида (1944) ўқиган. 1941 й. дан Муқимий театрида ишлаган. Актёрлик ва хонандалик истеъдоди маҳаллий муаллифларнинг мусиқали драма ва комедияларида, ўзбекчага таржима қилинган асарларда — эстетик тугал, реалистик чуқур, услубан тўлиқ ва ишонарли саҳна характерлари яратишига имкон берган. Роллари самимий, жўшқин, романтик ва юксаклиги билан ажралиб туради. Энг яхши роллари: Зуҳра («Тоҳир ва Зуҳра»), Гулчеҳра («Аршин мол олон»), Шоҳиста («Олтин кул»), Ширин («Фарҳод ва Ширин»), Лауренсия («Қўзибулоқ қишлоғи») ва б. Унинг ижросидаги Офтобхон («Офтобхон»), Нурхон («Нурхон»), Фазилат, Нигор («Кумуш туй», «Ғунчалар») образлари теран психологик характерлар намунасидир.