ЖАЛИЛОВ

ЖАЛИЛОВ Обид (1896.10.11 – Тошкент — 1963.27.9) — Ўзбекистoн халқ артисти (1939). Саводсизликни тугатиш мактабида ўқиган (1918—20). 1919 й. дан ўзбек драма группаси (1929 й. дан Ҳамза театри)нинг етакчи актёри. Актёрлик маҳорати интеллектуал психологик йўсинда шаклланган. Жалилов қаҳрамонлари кучли, ўз ҳиссиётларини бошқара оладиган кишилар образи бўлиб, актёр уларнинг ички дунёсини лўнда ва ифодали талқин этди. Ҳар қандай катта-кичик образнинг ғоявий-фалсафий йўналишининг ижтимоий моҳиятини очишга, қарама-қаршиликларни ҳал қилишдаги ўрнини аниқ белгилаб олишга, бутун диққат-эътиборини, ҳаракатларини қаҳрамоннинг мақсадини мантиқан исботлашга, образни психологик жиҳатдан чуқурлаштиришга интилган, уни воқеалар жараёнида муттасил, саҳнамасаҳна ривожлантириб борган. Бемор («Туркистон табиби»), Подколёсин («Уйланиш») ва б. актёрнинг саҳнадаги илк йирик образларидир. 30-й. лар Толипов («Ниқоб йиртилди»), Арслон, Пўлатов («Тор-мор», «Номус ва муҳаббат») каби роллари билан танилди. Энг яхши роллари: Комилов («Навбаҳор»), Мавлон («Шоҳи сўзана»), Солиҳбой («Бой ила хизматчи»), Маждиддин («Алишер Навоий»), Клавдий («Ҳамлет»), Дикой («Момақалдироқ») ва б. образларида актёр ижодининг янги қирралари намоён бўлиб, салбий образлар устаси сифатида шуҳрат қозонди. Жалилов миллий кино равнақига ҳам улкан ҳисса қўшди. Вазир («Тоҳир ва Зуҳра»), Маждиддин («Алишер Навоий»), Солиҳбой («Бой ила хизматчи»), Қодир («Гуллар очилганда»), Маҳкам ота («Сен етим эмассан») ва б. кинодаги энг яхши ролларидир. Бу образлар Жалилов ижросида ўзининг бадиий ифодасини тўлиғича топган ва улар ўзбек киноси тарихининг зарваракларидан урин олган. Давлат мукофоти лауреата (1949).