ЖАҲОН ПУЛЛАРИ

ЖАҲОН ПУЛЛАРИ — умумий универсал тўлов воситаси сифатида тан олинган, халқаро миқёсда ҳамма учун харид воситаси, бойликларнинг умумий ўлчов бирлиги, қийматнинг халқаро ифодаси бўлган пуллар; жаҳон бозорида амал қилувчи юксак ликвидли пуллар. Жаҳон пуллари миллий пуллардан барча мамлакатларнинг халқаро муомаласида ишлатилиши б-н фарқ қилади. Жаҳон пуллари қадимда халқаро савдо пайдо бўлиши билан вужудга келган. Дастлаб Жаҳон пуллари вазифасини бой, давлатлараро савдода фаол қатнашадиган мамлакатнинг олтин ва кумуш тангалари, кейинчалик олтин қуймалар, ёмбилар бажарган (улар тангаларга нисбатан катта вазнга эга бўлиб, савдо айланмаси катта бўлган, бир йўла кўп пул талаб қилинадиган муомалада қўлланилган). 20-а. нинг 1-чорагидан олтин пуллар муомаладан чиқарилиб, улар ўрнини бир пул бирлигига тўғри келадиган соф олтин миқдори (г) билан таъминланган қоғоз пуллар эгаллади. Шу пайтдан бошлаб, иқтисодиёти кучли мамлакатларнинг барқарор деб тан олинган қоғоз пуллари Жаҳон пуллари вазифасини ўтай бошлади (2-жаҳон урушидан сўнг Жаҳон пуллари вазифасини АҚШ доллари ўз зиммасига олди). 20-а. нинг 70-й. ларига келиб кўпгина мамлакатларда қоғоз пул бирликларининг олтин таъминоти бекор қилинди. Лекин шунга қарамай қоғоз Жаҳон пуллари доираси кенгайди ва улар қаторига эркин алмаштириладиган инглиз фунт стерлинги, Германия маркаси, Япония иенаси, Швейцария франки қўшилди. Кейинги йилларда бу миллий пуллар ичида рақобат кучайиб, дунё миқёсида АҚШ доллари ва Япония иенасининг мавқеи кўтарилди, натижада жаҳон бозори асосан икки зона — АҚШ доллари ва Япония иенаси зоналарига ажралди. 1999 й. 1 янв. да Европа Иттифоқининг 11 мамлакати учун умумий бўлган янги пул — евро давлатлараро ҳисоб-китобларда муомалага киритилди (2002 й. 1 янв. дан Е. банкнотлари ва тангалари муомалага чиқарилди). Бундан кўзланган мақсад Европада АҚШ долларининг тазйиқига қарши курашиш, унинг ҳукмронлигига барҳам беришдир. Жаҳон пуллари сифатида евро АҚШ долларининг жиддий раqoбатчиси (1 АҚШ доллари =1,13 евро; 2002, фев.). Халқаро иқтисодий интеграция кучайиши билан Жаҳон пулларининг турлари қисқариб, унинг вазифасини озчилик валюта бажаради.

Аҳмаджон Ўлмасов.